
“Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Президент қарори (ПҚ-136-сон, 08.04.2025 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2025–2026 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ошириш ҳамда қўшилган қиймат занжирини яратишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди:
2025 йилда мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмини жами 3,5 миллиард АҚШ долларига етказиш;
2025 йил якунигача 8 та давлатга янги 30 турдаги маҳсулотлар экспорти учун фитосанитария рухсатномаларини олиш;
истиқболли бозорларга 2025 йилда 442 миллион АҚШ доллари, 2026 йилда 575 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини таъминлаш;
2025 йилда ҳудудларда жами 2,1 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотлари учун қадоқлар ишлаб чиқариш бўйича 40,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш.
2028 йил 1 январгача мева-сабзавот маҳсулотларини замонавий қадоқларда реализацияга чиқарадиган ҳамда қуйидаги барча шартларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган тадбиркорлар учун фойда солиғи ва ўзларининг ходимлари учун жисмоний шахслардан олинадиган ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланади:
ҳар ойда ҳар бир ходимга иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда;
замонавий қадоқланган мева-сабзавот маҳсулотларини солиқ даврида реализация қилишдан тушган умумий тушум жами товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромаднинг камида 50 фоизини ташкил этганда;
2027 йил 1 апрелгача дуккакли маҳсулотларни экиш, йиғиб олиш ва саралаш ускуналари импорти учун божхона божининг 1 фоизлик ставкаси қўлланади.
Қарорга мувофиқ, умумий ер майдони 5 гектардан кам бўлмаган қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ўзларига қарашли қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг дала четларида ички хўжалик ер тузиш лойиҳасига мувофиқ жами ер майдонининг 1 фоизига, лекин 20 сотихдан кўп бўлмаган ўлчамда ер участкасидан рухсат этилган фойдаланишнинг асосий турига мос бўлган музлаткичли омборхоналар, саралаш, қуритиш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сув тежовчи технологиялар ва сув сақлаш объектларини қуришга рухсат этилади.
2025–2026 йилларда мева-сабзавот маҳсулотларини аҳоли томорқалари, деҳқон ва фермер хўжаликларидан йиғиб, саралаб, замонавий қадоқлаб шартнома асосида реализация қилган қишлоқ хўжалиги кооперативларига қадоқ харажатларининг 25 фоизи, бироқ ҳар бир қадоқ учун 3 минг сўмдан кўп бўлмаган миқдорда қоплаб берилади. Бунда:
қишлоқ хўжалиги кооперативларининг мева-сабзавот маҳсулотларини йиғувчи ва тайёрловчи аъзолари маҳсулотларни сифатли тайёрлаш ва экспортга чиқариш бўйича “Edukarantin.uz” ахборот тизими орқали ўқиб, сертификатга эга бўлиши лозим;
сертификатга эга бўлган қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва улар аъзоларининг “Agroko‘makchi” мобиль иловасида “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифалар бўйича рейтинг тизими юритилади.
Бундан ташқари, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини самарали ташкил этиш, сифатли транспорт-логистика (автомобиль, темир йўл ва авиа ташув) хизматлари кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида “E-logistika” платформасида экспортёр ва ташувчи корхоналарнинг тўғридан-тўғри ишлаш имкониятини таъминланади.