13-Iyul, 2021-yil

Тадбиркор ҳақиқий бўлмаган шартнома бўйича бажарилган ишлари учун тўлов олиши мумкинми?

Шундай ҳолатга Жиззах вилоятида фаолият кўрсатувчи “Entity” МЧЖ (номи ўзгартирилган) учраган.  

Жамият ва Пахтакор туман халқ таълим бўлими ўртасида пудрат шартномаси тузилиб, унинг асосида тадбиркор томонидан 314 миллион сўмдан ортиқ қийматдаги ишлар бажарилган. Аммо мазкур шартнома Жиззах вилояти ҳудудий ғазначилик бўлинмаларидан рўйхатдан ўтмаган ва амалдаги қонунчиликка* асосан шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий эмас ҳисобланади. Натижада Жамиятга бажарилган ишлар ҳақи тўланмаган. 

Таъкидлаш жоиз, Фуқаролик кодексининг 114-моддасига асосан битим ҳақиқий бўлмаганида битим бўйича бажарилган иш ёки кўрсатилган хизматнинг қиймати пул билан тўланиши шарт.

Бизнес-омбудсманнинг Дўстлик туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризаси натижасида, Пахтакор туман халқ таълими бўлими ҳисобидан “Entity” МЧЖ фойдасига 314 миллион сўмдан ортиқ маблағлар ундирилиши юзасидан суднинг қарори қабул қилинди. 

*Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси, 122-модда;

 Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, 112-модда.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение