26-Mart, 2025-yil

2025 йил 1 апрелдан нималар ўзгаради?

2025 йил 1 апрелдан кучга кирадиган қонунчилигимиздаги тадбиркорликка оид асосий ўзгаришлар нималардан иборат?

 

Эксклюзив ҳуқуқ бериш мақсадлари

2025 йил 1 апрелдан бошлаб эксклюзив ҳуқуқ хўжалик юритувчи субъектларга Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари билан 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга фақат қуйидаги мақсадлар учун берилиши кўзда тутилган:

(a) конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилиятини, давлат ва жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш;

(б) табиий офатлар, ҳалокатлар ва эпидемияларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш.

 

Айрим эксклюзив ҳуқуқлар

25 йил 1 апрелдан бошлаб айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолият йўналишлари бўйича эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилиниши белгиланган:

(а) «Ўзбекэкспертиза» АЖ ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинаётган мол-мулкка сертификат бериш бўйича;

(б) «ЎзИнжиниринг» лойиҳа институтининг инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича;

(в) «Миллий PR-маркази» ДУКнинг Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини тарғиб қилишга йўналтирилган хорижий компанияларнинг продюсерлик ва реклама хизматларини, хорижий телерадиокомпаниялар ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг рекламалари, репортажлари ва бошқа роликларини тайёрлаш ва трансляция қилиш бўйича;

(г) «Sag agro МТП» МЧЖнинг ёнғоқ ишлаб чиқарувчиларга агротехник тадбирларни амалга ошириш бўйича механизация хизматларини кўрсатиш бўйича;

(д) «Ўзбекистон стандартлар институти» давлат муассасасининг миллий стандартларни шартнома асосида бошқа тилларга таржима қилиш бўйича.

 

Солиққа оид айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик

2025 йил 1 апрелдан бошлаб солиқ органлари ходимлари томонидан уларга бириктирилган корхоналарда ёки маҳаллалардаги тадбиркорлик субъектларида солиққа оид айрим ҳуқуқбузарликлар аниқланганда қуйидаги тартиб жорий этилиши кўзда тутилган:

(а) биринчи марта огоҳлантириш;

(б) огоҳлантиришдан сўнг уч кун муддатда солиққа оид ҳуқуқбузарлик бартараф этилмагани ёки такроран аниқлангани сайёр солиқ текширувини ўтказишга асос бўлиши;

(в) сайёр солиқ текширувини фақат солиққа оид айрим ҳуқуқбузарликлар бўйича амалга ошириш ва уни текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида амалга оширишга рухсат этиш;

(г) сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича расмийлаштирилган далолатнома сайёр солиқ текшируви бўйича қарор қабул қилиш учун асос бўлиб ҳисобланиши.

 

Кўп квартирали уй-жойларни қуришни лойиҳалаштириш тартиби

2025 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида кўп квартирали уй-жойларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш ҳамда архитектура режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш жараёнлари бирлаштирилади ҳамда бунинг ҳисобига ушбу ишлар учун талаб этиладиган вақт 2 бараварга қисқартирилиши белгиланган.

 

«Инвестор кун»лари

2025 йил 1 апрелдан бошлаб ҳар ойда 1 та ҳудудда «инвестор кун»лари ташкил этилади ҳамда ҳудуддаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик дастурлари йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

 

“Дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”

2025 йил 1 апрелдан бошлаб озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишлардаги лойиҳалари учун маҳаллий бюджетдан бериладиган «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети»ни Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби жорий этилиши белгиланган.

 

Қўшилган қиймат солиғини қайтариш тартиби

2025 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 январга қадар чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари томонидан Давлат бюджетига тўланган қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизини ҳар ойнинг 25 санасига қадар қайтариш тартиби жорий этилади. Бунда ушбу тартиб ишлаб чиқарилган гўшт, сут, парранда гўшти ҳамда тухумни реализация қилишдан тушган умумий тушум жами товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган даромадининг камида 90 фоизини ташкил қиладиган чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига нисбатан татбиқ этилиши кўзда тутилган.

 

Тадбиркорларга «яшил тариф»лар

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида 2025 йил 1 апрелдан бошлаб чиқиндилар утилизацияси ҳисобига ҳамда шамол ва қуёш манбаларидан ишлаб чиқарилган электр энергияси учун «яшил тариф»лар жорий этилиши белгиланган. Бунда:

тадбиркорлик субъектлари томонидан чиқинди ва биогаз утилизацияси орқали ишлаб чиқариладиган ҳамда ташкилотларнинг ўз ҳудудларида ўрнатган шамол ва қуёш электр қурилмаларидан ишлаб чиқариладиган электр энергияси учун;

аҳолининг қуёшдан олинган ва фойдаланишда ўз эҳтиёжидан орттириб, давлатга сотадиган электр энергияси учун имтиёзли тарифлар белгиланади.

 

Фармацевтика соҳасида чекланган савдо устамалари

2025 йил 1 апрелдан бошлаб:

а) чекланган савдо устамалари фақат рецепт билан бериладиган дори воситалари тоифасига нисбатан татбиқ этилиши кўзда тутилган. Бунда:

маҳаллий ва хорижий дори воситаларига нисбатан амалдаги референт нархни шакллантириш тизими сақлаб қолинади;

рецепт билан бериладиган дори воситалари тоифасини улгуржи ва чакана сотишда уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган (базавий) қийматидан 15 фоиздан ва чакана савдо учун сотиб олинган қийматидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда устама қўлланади. Ушбу дори воситаларининг улгуржи ва чакана нархлари чекланган улгуржи ва чакана референт нархлардан юқори бўлмаслиги шарт;

рецептсиз бериладиган дори воситаларини улгуржи ва чакана реализация қилишда чекланган савдо устамалари қўлланмайди;

б) бир ишлаб чиқарувчи томонидан турли савдо номлари остида таркиби бир хил бўлган дори воситаларини ишлаб чиқаришда ушбу дори воситаларининг барчасига нисбатан энг паст референт нарх қўлланади (дори моддалари (субстанция) ишлаб чиқарувчиларида фарқ бўлган ҳоллар бундан мустасно);

в) Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасаси томонидан хорижий валютада қайд этилган референт нархлар қуйидаги ҳолларда автоматик равишда (тадбиркор мурожаатисиз) қайта кўриб чиқилади:

хорижий валютанинг миллий валютага нисбатан қиймати дори воситасига қайд этилган охирги қийматдан 3 фоиз юқори бўлса — ҳар йилнинг январь ва июль ойларида;

хорижий валютанинг миллий валютага нисбатан қиймати дори воситасига қайд этилган охирги қийматдан 5 фоиз юқори бўлса — муддатидан аввал.

 

Пахта хом ашёси савдосида электрон юк хати

2025 йил 1 апрелдан бошлаб пахта хом ашёси ва ундан тайёрланган барча турдаги маҳсулотлар бўйича электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилганда бир вақтнинг ўзида товар-транспорт юк хатини ҳам расмийлаштириш талаб этилиши белгиланган.

 

Фармацевтика ва тиббиёт соҳаларида автоматик ҚҚС ҳисоботи

2025 йил 1 апрелдан бошлаб даромадидан қатъи назар, фармацевтика маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи ёки тиббий хизмат кўрсатувчи юридик шахслар қўшилган қиймат солиғини тўловчилар деб эътирофэтилади.

Бунда реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича берилган онлайн назорат-касса техникаси ёки виртуал касса чеклари, расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактуралар ҳамда бошқа ташқи ва ички маълумотлар асосида солиқ органлари томонидан қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисоботлар автоматик тарзда шакллантириб борилиши назарда тутилади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение