
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилиниши мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлашда янги даврни бошлаб берди. Бизнес-омбудсман девони томонидан мазкур фармоннинг мазмун-моҳиятини тадбиркорлар ва давлат органларига етказиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида жойларда қатор семинарлар ташкил этилмоқда.
Жиззах вилоятида ветеринария ва чорвачилик, кадастр соҳаларидаги мутахассислар иштирокида ўтказилган семинарларда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни "Ягона давлат назорати" ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтказиш тартиби, шунингдек, Фармоннинг мақсад ва вазифалари батафсил тушунтирилди. Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси ва Бизнес-омбудсман девони вакиллари тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратдилар.
Сирдарё вилоятида ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида Бизнес-омбудсман девони, Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ҳам фармоннинг мазмун-моҳияти, унда илгари сурилган вазифалар тўғрисида сўз юритилди. Тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар.
Қашқадарё вилоятида ўтказилган семинар-тренингда Бизнес-омбудсман девони, Савдо-саноат палатаси, Адлия бошқармаси ва Транспорт назорати инспекцияси вакиллари иштирок этиб, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар, назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби мавзуларда батафсил маълумотлар бердилар.
Мазкур семинарлар тадбиркорларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бизнес-омбудсман девони келгусида ҳам тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш йўналишида ўз фаолиятини давом эттиради.