
Айни вақтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Аҳоли ва тадбиркорларга “халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Хусусан, 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш, 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди.
Натижада 200 мингга яқин янги тадбиркорлар бозорга кириб келди. Чет эл иштирокидаги корхоналар қарийб 5 карра ошиб, 23 мингга яқинлашди. Электрон давлат хизматлари сони 15 карра ортиб, 721 тага етди, улардан фойдаланувчилар эса 11 миллиондан ошди.
“Олдинги 25 йил давомида бу тушунчалар бизга ёт эди. Кўриб кўрмасликка олинарди. Буларни ҳеч бири ўзидан-ўзи бўлгани йўқ. Ҳаммасига машаққатли меҳнатимиз билан эришдик.
Энг муҳими – буларнинг ҳисобига аҳоли, тадбиркорлар, хорижий ҳамкорларимиз, халқаро ташкилотлар ва инвесторларнинг ислоҳотларимизга ишончи мустаҳкамланди.
Сўнгги етти йилда 120 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киргани, иқтисодиётимиз 2 карра ўсиб, ўтган йили 115 миллиард долларга етгани бунинг яққол исботи эмасми?”, – деди Президент.
Ҳар йили бизнес муҳитини яхшилаш, инвестиция жалб қилиш, янги иш ўринлари яратишда бюрократия ва тўсиқларга барҳам бериш бўйича ўнлаб қарорлар қабул қилинмоқда.
Масалан, 6,5 минг турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш ва олиб киришда тадбиркорларга мувофиқликни баҳолаш мажбурияти юкланган. Шундан 3 минг 700 турдаги товар бўйича ҳар бир партияга алоҳида сертификат олиш шарт.
Шундай рўйхатлар санитария, карантин, ветеринария идораларида ҳам бор. Божхона эса бу рўйхатларни ҳаммаси билан ишлайди.
Тадбиркорларни қийнаб, коррупцияга омил бўлаётган бундай рўйхатларни қисқартириш бўйича бу идораларнинг комплаенс ходимлари ҳеч қандай таклиф бермаган.
Солиқ идоралари ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилгани билан тушумлар кескин ошмагани қайд этилди.
Масалан, минглаб корхона ҳисоботларида бирорта ҳам ходим йўқ деб кўрсатган бўлса, яна минглаб корхона 2 ёки 1 нафар ишчи кўрсатмоқда. Бу солиқ идоралари яширин иқтисодиёт билан суст ишлаётганидан далолатлиги кўрсатиб ўтилди.
Инсофли тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғи 7 кун ичида қайтариб берилиши белгиланган. Бироқ, солиқ раҳбарлари тадбиркорларнинг 487 миллиард сўмлик 2,5 мингга яқин мурожаатини ўз вақтида кўриб чиқмаган.
Бундан буён секторлар фаолияти билан прокурор, ички ишлар ва солиқ шуғулланмайди. Нима учун буни айтяпман? Чунки жиноятчилик жилови маҳкам бўлган, хавфсиз жойга инвестор кўпроқ маблағ киритади, одамларимизнинг ишончи янада ортади.
Уларнинг ўрнига эндиликда Бош вазир ўринбосарлари ўзига тегишли соҳалар билан ўз кучи ва тизими билан шуғулланиши белгиланди.
Камбағаллик, ижтимоий ҳимоя, тадбиркорлик бўйича ислоҳотлар ҳар бир инсонга етиб борадиган иш ташкил этилмоқда. Энди бу иш услуби туман ва маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш, коррупцияни олдини олиш бўйича ҳам жорий қилинади.