4-Mart, 2025-yil

Коррупцияга қарши муросасиз кураш – тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимояси кафолати

 Бугунги кунда Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш ва инвеcтиция муҳитини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада коррупцияга қарши кураш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил девони бу йўналишда фаол иш олиб бормоқда. Бугун Бизнес-омбудсман девони Тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувларини мувофиқлаштириш шуъбаси бош инспектори Мирафзал Миралимов билан коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашамиз.  

 

– Бизнес-омбудсман девонида коррупцияга қарши курашиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

 

– Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил девонида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, Вакил девони ходимлари ўртасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантириш ҳамда ходимларнинг одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этиши барча ходимлар учун энг устувор вазифа этиб белгиланган.

Вакил девонида коррупция ҳолатлари юзасидан мурожаат йўллаш учун “ишонч телефони” ва “телеграм бот” жорий қилинган бўлиб, ушбу йўналишда эслатма ишлаб чиқилди. Мазкур эслатма Вакил девонининг мурожаатчиларни қабулхонаси ҳамда ҳудудларда фаолият кўрсатувчи ходимларининг хизмат хонасига кириш қисмига ўрнатилиши таъминланди.

Вакил девонининг коррупция ҳолатлари юзасидан “ишонч телефони” рақами ва “телеграм бот” манзили тўғрисидаги ахборотлар доимий равишда расмий веб-сайтда ва вакил девонининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштириб борилмоқда.

Вакил девонида коррупциявий хавф-хатарларни дастлабки баҳолаш мақсадида жойларга чиққан ҳолда сўровномалар ўтказилди ва коррупциявий хавф-хатар туғдириши мумкин бўлган функциялар (ваколатлар) рўйхати шакллантирилди ҳамда ушбу хавф-хатарларнинг бирлашган харитаси ва дастури ишлаб чиқилган.

 


– Тадбиркорлар учун қандай қулайликлар яратилган?

 

– Бизнес-омбудсман девонида тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи “Ягона давлат назорати” ахборот тизими ишга туширилган бўлиб, ушбу тизим орқали:

ўтказилган ва ўтказилиши режалаштирилаётган текширувлар ҳақида нафақат компьютер, балки махсус мобил илова ҳамда телеграм бот ва СМС хабар орқали тегишли маълумотларни олиш;

тадбиркорларга ўтказилган текширувлар бўйича назорат органи ходимининг хатти-ҳаракатига баҳо бериш ва коррупция ҳолатлари ҳақида шикоят бериш имконияти яратилди.

Шунингдек, сўнгги йилларда амалиётда фойдаланилмаётган Текширувларни рўйхатга олиш китоби электрон форматда қайта тикланди.

Мазкур амалиёт текширув жараёнида назоратчи ҳам ўз фаолияти бўйича тадбиркор томонидан назорат қилинишини таъминлайди, яъни бунда икки томонлама назорат ўрнатилди.

 


– Назорат қилувчи органлар билан қандай ишлар олиб бориляпти?

 

– Ҳозирги кунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказиш чоғида коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик муҳим аҳамиятга эга.

Назорат қилувчи органлар ва тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширувларда амалдаги қонунчилик талабларини бажариш ва коррупцияга муросасиз муносабатда бўлиш юзасидан Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан ўтган йил давомида 5110 нафар шахс иштирокида жами 92 та ўқув семинарлари ташкил этилган.

Тадбиркорлар фаолиятида текширишларни ўтказувчи ходимларнинг малака ва профессионаллик даражасини баҳолаш мақсадида назорат қилувчи органларининг 11995 нафар мансабдор шахси аттестациядан ўтказилган.

Шунингдек, жорий йилдан бошлаб назорат қилувчи органларнинг текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномага эга ходимлари ҳар икки йилда Бизнес-омбудсман томонидан ташкил этиладиган ўқув курсларида малакасини ошириши белгиланган бўлиб, ушбу ўқув курсларида коррупцияга қарши курашиш ва бу иллатга муросасиз муносабатда бўлиш юзасидан ҳам ўқув дастури киритилган.

 

– Бизнес-омбудсманнинг 2025 йилги коррупцияга қарши курашиш дастури ҳақида гапириб берсангиз.

 

– Ушбу дастур доирасида коррупцияга қарши курашиш бўйича йил давомида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилади. Бу чора-тадбирлар девон ходимлари ўртасида коррупцияга қарши муросасиз муносабат муҳитини шакллантиришга ва одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилишга қаратилган.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение