
Бугун, 27 февраль куни Тошкент шаҳрида "Тоза ва барқарор атроф-муҳит – инсон ҳуқуқлари таъминланишининг кафолати" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтининг 30 йиллигига бағишланган тадбирда Бизнес-омбудсман Дилмурод Касимов иштирок этди.
Конференциядан кўзланган асосий мақсад тоза ва қулай атроф-муҳит шароитида инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган халқаро ва минтақавий ҳужжатларни кўриб чиқиш, шунингдек, тоза ва қулай атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқи, барқарор ривожланиш ва экологик ҳуқуқларни амалга оширишда давлатлар, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг ўрнини белгилашдан иборат бўлди. Шунингдек, экологик хавфсизлик, тоза муҳит ва ижтимоий фаровонликни таъминлаш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқиш ҳам конференциянинг муҳим вазифаларидан бири эди.
"Тоза ва барқарор атроф-муҳит – инсон ҳуқуқлари таъминланишининг кафолати" мавзусидаги халқаро конференциянинг II сессиясига Омбудсман ўринбосари Жамшид Урунов модераторлик қилди. Унда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларни амалга ошириш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Конференцияда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтларнинг шаклланиши ва ривожланиши мамлакатда демократик қадриятларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири эканлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, 1995 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтининг ташкил этилганлиги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг ажралмас қисми эканлигини яққол кўрсатади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилинди. Ушбу стратегия инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб берди.
Ўзбекистонда фаолият юритаётган инсон ҳуқуқлари, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва бола ҳуқуқлари бўйича омбудсман институтлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотларда фаол иштирок этиб, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида муҳим кўприк вазифасини бажармоқда.
Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистондаги барча миллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи институтларнинг мақоми "Миллий инсон ҳуқуқлари институтларининг мақоми тўғрисида"ги Париж тамойилларида белгиланган халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради. Янгиланган Конституциянинг 56-моддасида миллий институтлар мақомининг белгиланиши эса уларнинг статусини мустаҳкамлашда яна бир муҳим қадам бўлди.
Янги таҳрирдаги "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги қонунда Омбудсман ўз фаолиятида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан ҳамкорлик қилиши мустаҳкамланди. Бу эса икки институт ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг янги босқичга кўтарилганидан далолат беради.
Сўнгги йилларда Бизнес-омбудсман девони БМТ, ЕХҲТ, ЕИ, Европа Кенгаши ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу ҳамкорлик инсон ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича тавсияларни муҳокама қилиш ва ижро этиш, форум ва конференцияларда иштирок этиш, шунингдек, тадбиркорлар, жумладан, фермерлар ҳуқуқларини тушунтириш бўйича семинар-тренинглар ташкил этишда ўз ифодасини топди.
Бизнес-омбудсман институти сифатида, Омбудсман институти билан яқин ҳамкорликда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва қонуний манфаатларини таъминлашда келгусида ҳам биргаликда ишлашга интилади.
Омбудсман институтининг 30 йиллик юбилейи муносабати билан Бизнес-омбудсман девони ушбу нуфузли ташкилот жамоасини самимий табриклаб, уларнинг масъулиятли фаолиятига муваффақиятлар тилайди!