25-Fevral, 2025-yil

Ўзбекистон – Польша бизнес-форуми: ҳамкорлик ва инвестиция имкониятлари

 

Бугун, 25 февраль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Польша ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилиши доирасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим янги босқичи бошланди. Ўзбекистон Республикаси Бизнес-омбудсмани Дилмурод Касимов ва Польшанинг Кичик ва ўрта корхоналар бўйича омбудсмани Агнешка Маевска ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган меморандумни имзоладилар.

 

Тадбирда сўзга чиққан Дилмурод Касимов ушбу меморандум икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

 

Бизнес-форум доирасида Ўзбекистон ва Польшанинг инвестициявий салоҳияти, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика, кимё саноати ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

 

Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги ҳамкорлик кўп йиллик тарихга эга ва унинг истиқболлари жуда катта. Икки давлат қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, энергетика ва бошқа соҳаларда яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.

 

Польша инвестициялар ва савдо агентлиги (PAIH) Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиш бўйича ишлар олиб бормоқда. Бу эса экспортчилар ва инвесторлар учун янада қулай шароит яратади.

 

Имзоланган меморандум инвесторлар ва тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш бўйича тажриба алмашиш ва ахборот алмашишга қаратилган.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение