Бугун, 25 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон – Польша ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Дилмурод Касимов ва Польшанинг Кичик ва ўрта корхоналар бўйича омбудсмани Агнешка Маевска икки ташкилот ўртасида самарали ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган меморандумни имзоладилар.
Ушбу меморандумнинг асосий мақсади – икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, инвесторлар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тажриба ва ахборот алмашинувини йўлга қўйишдан иборат.
Мазкур ҳужжатда томонлар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда соҳага оид ахборот алмашиш каби масалаларда ҳамкорлик қилиши белгиланган.
Бизнес-омбудсман Дилмурод Касимов ўз маърузасида таъкидлаганидек, Ўзбекистонда сармоявий ва ишбилармонлик муҳитини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизда тадбиркорлик ривожига кучли туртки бўлмоқда.
Шунингдек, у Польша инвестициялар ва савдо агентлигининг Тошкентда ўз ваколатхонасини очиши икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашига хизмат қилишини таъкидлади.
Мазкур меморандум Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, тадбиркорлар ва инвесторлар учун қулай муҳит яратишга хизмат қилади.