20-Fevral, 2025-yil

Солиқ маъмуриятчилигидаги уч босқичли жарима қўллаш тартиби бекор қилинмоқда

 Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши, шунингдек солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик ва валютани тартибга солиш либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, улар учун тенг рақобат шароитларини яратиш ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш, шунингдек, ташқи савдо фаолиятини ва валютани тартибга солишни либераллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

 

Амалдаги тартибга кўра тадбиркорлик субъектлари айни бир ҳуқуқбузарлик учун бир неча маротаба жавобгарликка тортилади.

 

Жумладан, тадбиркорлар ходимлар сонини яширганлик, товарларни мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик ва фискал белгиларни акс эттирмаганлик каби айнан бир ҳуқуқбузарлик учун ҳам молиявий жаримага, ҳам маъмурий жаримага тортилиши мумкин.

 

Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида солиқ маъмуриятчилигининг янада такомиллаштирилишига қаратилган ўзгартиришлар киритиш, шунингдек ташқи савдо операциялари бўйича активларнинг қонунда белгиланган муддатларда репатриация қилинишини таъминлашга оид талабларни қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда.

 

Юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ушбу ҳолатларда қўлланиладиган уч босқичли 50 фоизлик жарима қўллаш тартиби бекор қилинмоқда. Унинг ўрнига қайтмаган активларнинг 20 фоизи миқдорида бир марталик молиявий жаримани қўллаш тартиби жорий этилмоқда.

 

Ушбу Қонунда лойиҳалаштириш, асбоб-ускуналар ва эҳтиёт қисмларни етказиб бериш, асбоб-ускуналарни ўрнатиш ҳамда урилиш-монтаж ишлари билан боғлиқ бўлган ишларни бажариш (хизматларни кўрсатиш) юзасидан инвестиция лойиҳалари доирасида тузилган контрактларда белгиланган муддат 180 кундан ортиқ бўлса, мазкур контрактдаги муддатлар қўлланилиши назарда тутилмоқда.

 

Муҳокама қилинган Қонун билан солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораларининг ҳуқуқбузарлик ҳаракатига мутаносиблигини таъминлаш орқали тадбиркорлик субъектлари айнан бир ҳуқуқбузарлик учун бир неча маротаба жавобгарликка тортилишининг олдини олиш белгиланмоқда.

 

Қонуннинг қабул қилиниши натижасида солиқ маъмуриятчилиги янада такомиллаштирилиб, нормалар амалиётда икки хил талқин қилинишининг олди олинади ва бир хилда қўлланилиши таъминланади.

 

Шунингдек, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари либераллаштирилади, бу ўз навбатида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишига ҳамда ортиқча харажатлари камайтирилишига хизмат қилади.

 

Муҳокамадан сўнг мазкур Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение