Бизнес-омбудсман тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг салоҳиятини оширишга қаратилган бир қатор семинарлар ташкил этди. Ушбу семинарлар давомида тадбиркорларга янги қонунлар, бизнес муҳитига мослашиш, шунингдек, ўз фаолиятларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида маълумот берилди.
Жумладан, Фарғона вилоятида ўтказилган семинарда профилактика йўналиши билан боғлиқ коррупцион хавф-хатарларнинг олдини олиш, тадбиркорлик субъектларида текширувни ташаббус қилиш бўйича “Хавфни таҳлил қилиш” тизими мазмун-моҳияти, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар профилактикасини кучайтириш, шаҳарсозлик соҳасида профилактика ишларини ва электрон тизимларни юритишни тартибга солиш масалалари кўриб чиқилди.
Тошлоқ туманида эса тадбиркорларнинг тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблардан хабардорлигини ошириш мақсадида семинар-тренинг ташкил этилди. Семинар давомида тадбиркорларга қонунчиликнинг янги ўзгаришлари, солиқ тўлаш тизими, меҳнат ҳуқуқи ва экологик талаблар, лицензиялар, сертификатлар ва бизнес қилишнинг ҳуқуқий йўллари ҳақида маълумот берилди.
Семинарларда таъкидланганидек, мамлакатда тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, бизнес муҳитини яхшилаш, бизнес соҳасидаги янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорларга керакли шарт-шароитларни яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Қонунчилик соддалаштирилмоқда, бюрократик тўсқинликлар йўқотилиб, тадбиркорларга янги имкониятлар эшиги очилмоқда. Солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар, ёрдам дастурлари, кредитлаш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорларга молиявий кўмаклар кўрсатиш шулар жумласидандир.
Бизнес-омбудсман томонидан ўтказилаётган бундай семинарлар тадбиркорлар учун янги имкониятлар ва керакли билимларни олишга ёрдам беради, шунингдек, уларни ўз бизнесларини самарали ва барқарор ривожлантиришга қаратилган стратегияларга йўналтиради.