
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида Фармони қабул қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сурхондарё, Жиззах, Фарғона ва Тошкент вилоятларида давлат “ин-витро” лабораториялари ташкил этилиб, шунингдек, хусусий “ин-витро” лабораторияларини барпо этишга тадбиркорлик субъектларига кредитларни ажратиш учун халқаро молия институтларидан камида 30 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар жалб этилиади
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини “яшил тадбиркор” сифатида эътироф этиш юзасидан қуйидагиларни назарда тутувчи платформа ишга туширилади:
а) қуйидаги йўналишларда белгиланган кўрсаткичларни бажарган тадбиркорлик субъектларига “яшил тадбиркор” мақомини бериш:
кўкаламзорлаштириш, жумладан, корхонани “яшил белбоғ” билан ўраш, суғориш тизимларини ўрнатиш, томчилатиш, ёмғирлатиш ва контейнерли (қопли) суғориш тизимини жорий қилиш;
энергия тежамкорлигини таъминлаш, жумладан, энергия тежовчи ускуналар ва технологияларни жорий қилиш;
корхонанинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш, жумладан, экологик ҳуқуқбузарлик содир этмаслик, атмосферага ташламаларни онлайн мониторинг қилиш тизимини жорий этиш;
ишлаб чиқаришга циркуляр иқтисодиётни жорий қилиш (“7R”) тамойилини татбиқ этиш;
б) “яшил тадбиркор” мақомини олган тадбиркорлик субъектларига қуйидаги қўллаб-қувватлаш чораларини қўллаш:
“Шаффоф қурилиш” платформасида устуворлик бериш;
муайян муддат давомида экологик текширувлардан озод этиш;
халқаро бозорларга чиқиш учун қўллаб-қувватлаш;
Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги доирасида қўшимча балл бериш.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида 2025 йил 1 апрелдан бошлаб чиқиндилар утилизацияси ҳисобига ҳамда шамол ва қуёш манбаларидан ишлаб чиқарилган электр энергияси учун “яшил тариф”лар жорий этилади. Бунда:
тадбиркорлик субъектлари томонидан чиқинди ва биогаз утилизацияси орқали ишлаб чиқариладиган ҳамда ташкилотларнинг ўз ҳудудларида ўрнатган шамол ва қуёш электр қурилмаларидан ишлаб чиқариладиган электр энергияси учун;
аҳолининг қуёшдан олинган ва фойдаланишда ўз эҳтиёжидан орттириб, давлатга сотадиган электр энергияси учун имтиёзли тарифлар белгиланади.