Бугун, 9 январь куни АОКАда Бизнес-омбудсман девони томонидан 2024 йилда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилган ишлар сарҳисобига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Ўтган йил давомида тадбиркорлардан 9 127 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларнинг 51 фоизи бўйича тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди, қолганлари бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Келиб тушган мурожаатлар хусусиятлари бўйича таҳлил этилганда:
- 12 фоизи солиқ;
- 11 фоизи ер, кадастр ва архитектура;
- 10 фоизи банк, кредит;
- 10 фоизи текширувлар;
- 9 фоизи суд қарори ижроси ва бошқа масалаларга оид.
Бундан ташқари, йил давомида “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари кечаю кундуз қабул қилиниб, ҳал этиш чоралари кўрилди.
Жумладан, 9 059 та мурожаат орқали 10 419 та масала келиб тушган бўлиб, мазмунига кўра, мурожаатларнинг 18 фоизи банк ва кредит, 12 фоизи солиқ, 10 фоизи мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракати, 10 фоизи суд ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш, 10 фоизи ер майдони ёки бино ажратиш, кадастр, 8 фоизи инфратузилма ва қолган 32 фоизи бошқа масалаларга тегишли.
Мурожаатлар асосида тадбиркорларга 34,5 млрд сўмдан ортиқ кредит ажратилишида, 17 млрд сўм пул маблағини ундиришда ва 15,5 млрд сўм миқдорида асоссиз тўланган солиқ маблағи қайтарилишида ёрдам кўрсатилди.
Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 13 фоизи муддати бузилган.
Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 16 та тақдимнома киритилди, 144 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
85 нафар масъул ходимга интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича Бизнес-омбудсман девони томонидан 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, шу жумладан, 4 та Қонун, 4 та Президент Фармони ва 2 та Вазирлар Маҳкамаси қарори ишлаб чиқилди.
832 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, улар бўйича 784 та таклиф ва эътирозлар юборилган.
21 та таҳлилий маълумотнома асосида тадбиркорлик фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган 100 дан ортиқ таклифлар тайёрланди.
Назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказилиши қонунийлиги устидан назоратни амалга ошириш бўйича йил давомида тадбиркорлик фаолиятига оид қонунчилик ижроси бўйича 7 та назорат органида ўрганиш ўтказилган.
Ўрганишда аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 7 та тақдимнома киритилган, масъул шахсларнинг 551 нафарига маъмурий баённома расмийлаштирилган, 37 нафарига интизомий жазо қўлланилган.
Ўтган йил давомида Бизнес-омбудсманга тадбиркорлар фаолиятида текширув ўтказишни келишиш учун 5 125 та буюртма киритилган бўлиб, шундан 2 196 таси (43 фоизи) келишилган ва 2 929 таси (57 фоизи) қонуний асослар мавжуд бўлмаганлиги сабабли рад этилган.
Текширувлар қонунийлиги юзасидан ўтказилган мониторинг доирасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 929 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Давлат назоратини амалга оширишда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш мақсадида назорат органларининг 5 110 нафар мансабдор шахси иштирокида 92 та ўқув семинар ўтказилди.
Текширишларни ўтказувчи ходимларнинг малака ва профессионаллик даражасини баҳолаш мақсадида назорат органининг 11 995 нафар ходими аттестациядан ўтказилиб, уларнинг 9 279 нафари (77 фоизи) тадбиркорлар фаолиятида текширувлар ўтказишда етарли малакага эга деб топилди.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 2024 йил давомида жами 2 580 та таъсир чораси, шундан 58 та даъво аризаси (шикоят), 74 та тақдимнома, 147 та хулоса, 35 та огоҳнома ва 2 266 та маъмурий қўлланилган.
Натижада, ҳисобот даврида судлар томонидан 16,6 млрд сўмлик даъво тадбиркорлар фойдасига ҳал этилган, 118 та қарор бекор қилинган ва 100 нафардан ортиқ масъулларга интизомий жазо чоралари қўлланилган.