2024 йил ҳам ўз якунига етмоқда. Шу муносабат билан Бизнес-омбудсман ва унинг девонининг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”даги фаолиятига назар ташлаймиз.
Йил давомида Бизнес-омбудсман томонидан давлат раҳбарига тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш тартибини соддалаштиришга оид, ҳудудларда иқтисодий ўсишни таъминлаш, паст қувватда ишлаётган корхоналарни қўллаб-қувватлашга, тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга оид таклифлар тақдим этилди. Қолаверса, тадбиркорликни яхшилашга қаратилган 100 дан ортиқ тизимли таклифлар ишлаб чиқилди.
Жорий йилда Бизнес-омбудсман девонига, шунингдек Тадбиркор виртуал офиси орқали жами 17 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.
Келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилиб, тадбиркорларга 10 млрд сўмдан ортиқ асоссиз тўланган солиқ маблағи қайтарилишида, 5,4 млрд сўмдан ортиқ кредит ажратилишида ва 4,4 млрд сўм пул маблағини ундиришда ёрдам кўрсатилган.
Йил давомида тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 2 300 дан зиёд таъсир чораси, яъни даъво аризалари, тақдимнома, хулоса, огоҳномалар ҳамда маъмурий жавобгарликка тортиш чоралари қўлланилган.
Натижада, судлар томонидан 16,6 млрд сўмлик даъво тадбиркорлар фойдасига ҳал этилган, 2 та қарор ҳақиқий эмас деб топилиб, 27 нафар масъулга интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Йил давомида Бизнес-омбудсман фаолияти хорижий оммавий ахборот воситалари нигоҳида хам бўлди. Хусусан, Бизнес-омбудсман Дилмурод Касимовнинг "Бизнес ҳуқуқлари – Янги Ўзбекистоннинг устувор вазифаси" номли мақоласи Қозоғистон, Туркия, Хитой, Саудиа Арабистони каби бир қанча давлатларнинг электрон нашрларида эълон қилинди.
Вакил девони фаолиятида очиқликни таъминлаш борасида 3 та матбуот анжумани ва 10 та брифинг ўтказилди, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах ва Наманган вилоятларида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ва семинарлар ташкил этилди.
Оммавий ахборот воситаларида йил давомида Бизнес-омбудсман фаолиятига оид 1100 дан ортиқ материаллар эълон қилинди.
Бизнес-омбудсман Дилмурод Касимов Буюк Британия, Франция ҳамда Қатар каби давлатларда хориж сафарларида бўлди ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича илғор тажрибалар билан танишди.
Қолаверса, йил давомида Бизнес-омбудсман Дилмурод Касимов ҳамда девон ходимлари юртимизда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан жойларга чиққан ҳолда учрашиб, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини ўрганди.
Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларининг ижроси ҳолати юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида ўрганишлар ўтказииб борилади. Хусусан, жорий йилда 7 та давлат органлари ва ташкилотларида ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишлар натижасида 25 024 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди.
Ушбу қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича давлат органи ва ташкилотларига 7 та тақдимнома киритилган, шунингдек 551 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган, 37 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган.
Тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширувлар қонунийлигини таъминлаш мақсадида Вакил девони томонидан назорат қилувчи органларининг 10 мингдан ошиқ ходимлари аттестациядан ўтказилиб, уларнинг 7 999 нафари тадбиркорлар фаолиятида текширувлар ўтказишда етарли малакага эга деб топилди.
Мамлакатимизда илк бор тадбиркорлик субъектлари фаолиятида назорат тадбирларини ўтказувчи назорат қилувчи органлар рўйхати тасдиқланди ва ушбу рўйхатга киритилмаган давлат идоралари томонидан тадбиркорда текширувлар ўтказиш тақиқланди.
Бундан ташқари, Бизнес-омбудсман девони томонидан 9 та ҳуқуқий норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилди.
Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан чекланиб қолмасдан Бизнес-омбудсман девони ходимлари ҳам “Яшил макон” лойиҳаси доирасида хайрли ишларга ўз ҳиссасини қўшди. Натижада 1000 га яқин манзарали ва мевали дарахтлар республикамиз бўйлаб экилди.
Албатта, юқорида қайд этилган воқеалар фаолиятимизнинг бир қисми холос. Сизлар билан якунланаётган йилдаги энг эсда қоларли воқеаларни ёдга олдик. Келгуси йилда хам Бизнес-омбудсман фаолиятини биз билан кузатишда давом этинг!