14-Dekabr, 2024-yil

59 нафар банк мансабдор шахси тадбиркорлар мурожаатини ўз вақтида кўрмагани учун жазоланди

Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлар мурожаатларининг ўз вақтида кўриб чиқилиши таҳлил қилинганда, айрим банкларнинг мансабдор шахслари томонидан қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 январдаги 37-сон қарори билан тасдиқланган Низомга асосан, тижорат банкларининг мансабдор шахслари тадбиркорнинг кредит олиш учун аризасини 5 иш куни ичида кўриб чиқиб, кредит (лизинг) ажратиш ёки уни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши шарт.

 

Бироқ Сурхондарё вилоятидаги айрим тижорат банклари мансабдор шахслари ушбу талабга риоя қилмаган. Уларнинг ҳаракатсизлиги оқибатида 108 дан ортиқ тадбиркорнинг мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилмаган.

 

Мисол учун, Узун туманидаги банк раҳбари тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқишда қонун бузилишига йўл қўйган. Хусусан, мансабдор шахс Узун туманида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг кредит ажратиш ҳақида Ягона электрон платформа орқали йўллаган аризасини белгиланган 5 кунлик муддатдан 38 кун кечиктириб кўриб чиққан ва кредит ажратиш тўғрисида хулоса берган.

 

Қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган 59 нафар масъул шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение