Наманган вилоятида фаолият юритувчи “Равшан сервис” (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари ортиқча жарима тўлашдан озод этишда амалий ёрдам сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, Наманган
вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш
инспекцияси тадбиркорга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
99-моддасига асосан 17 млн сўм (базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари)
миқдорида жарима қўлланилган эди.
Тадбиркор жариманинг 50
фоизини (8,5 млн сўм) имтиёзли 15 кун ичида банк орқали тўлаган. Бироқ тўланган
сумма жарима бўйича ҳисоб рақамга тушмаганлиги сабабли инспекция жаримани
ихтиёрий муддатда тўланмаган деб ҳисоблаб, 17 млн сўмни мажбурий ундирувга
қаратиш учун Мажбурий ижро бюросига юборган. Бу фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб,
бошқа чораси қолмагач Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон
Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 332-1-моддасида
ҳуқуқбузар жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун
ичида жарима миқдорининг 50 фоизини ёки 30 кун ичида жарима миқдорининг етмиш
фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, жариманинг қолган қисмини тўлашдан
озод этилиши белгиланган.
Бизнес-омбудсманнинг
аралашуви билан масала ижобий ҳал этилди. Тадбиркор имтиёзли даврда тўлаган
жарима суммаси электрон ахборот тизимида ижроси таъминланган ҳолатига
ўтказилди. Мажбурий ижро ҳаракатлари тўхтатилди ва тадбиркор жариманинг қолган
қисмини тўлашдан озод этилди.