5-Dekabr, 2024-yil

Наманганга пресс-тур – ишбилармонлар фаолияти билан танишиш учун ажойиб имконият

Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Қулай бизнес муҳити яратиш, назорат органлари масъулиятини ошириш ва ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

 

Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида жорий йилда жазо чораларини енгиллаштириш ва асоссиз аралашувларнинг олдини олиш бўйича топшириқлар берилди.

 

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш учун 5 декабрь куни Наманган вилоятида ОАВ ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.

 

Тадбирда Бизнес-омбудсман девони ходимлари ҳамда 20 га яқин ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этди.

 

Дастлаб Наманган вилоятида тадбиркорларга яратилаётган шарт-шароитлар тўғрисида маълумот берилгандан сўнг журналистлар Ўрта Осиёда тиббий экспресс лабаратория маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ягона бўлган «Нам био тест» МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишдилар.

 

«Нам био тест» МЧЖ 2020 йилда ташкил топган бўлиб, қон таҳлиллари бўйича инновацион ечим топган импортни маҳаллийлаштирган тадбиркорлик субъекти ҳисобланади.

 

Бизнес-омбудсман ёрдами билан лойиҳа ташкил этилиб, 20 млрд сўмлик экспресс тестлар етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган.

 

Экспресс тестлар ҳозирги кунга қадар республикага импорт қилиб олиб келинган. Ҳозирда ушбу тиббиёт маҳсулотлари Наманганда ишлаб чиқарилмоқда, Қўшни давлатлар ва Россия Федерациясидан рўйхатдан ўтказиш бўйича дастлабки қадамлар қўйилган.

 

Шундан сўнг ОАВ вакиллари “Лакталис агро” МЧЖга йўл олдилар. Франция билан қўшма корхонада 500 дан ортиқ ишчи меҳнат қилади.

 Корхона ёнидан ўтган автомагистрал қурилиш жараёнида юқори кучланишли электр линияси зарар кўрганлиги сабабли корхона фаолияти тўхтаб қолган ва сақлаш тартиби бузилганлиги сабабли маҳсулотлар лабараториядан ўтмаганли оқибатида корхона зарар кўриш арафасида бўлган. Бизнес-омбудсман аралашуви билан Наманган шаҳар ҳокимининг фармойиши қабул қилиниб йўл қисми қайта қурилиши таъминланган ва юқори кучланишли электр таъминотидаги узилиш тикланган.

 

Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказилган текширув давомида ҳисоб рақамига қўйилган чеклов натижасида ишлаб чиқаришнинг тўхташи оқибатида

1,6 млрд зарар кўриш арафасида бўлган. Бундай ҳолатда Бизнес-омбудсманнинг аралашуви билан ҳисоб рақамига қўйилган тақиқ олиб ташланган.

 

Пресс-турнинг навбатдаги манзили «Gavhar» компанияси бўлди. 2020 йилда «Gavhar Jewel Group» МЧЖ таркибида ташкил этилган компания заргарлик буюмлари ва эсдалик совғалари ишлаб чиқаради. Ишлаб чиқаришда жаҳон анъаналари, жумладан, итальян ва ўзбек заргарлик мактабларининг тажрибасидан фойдаланилади. Италия, Туркия ва Германиянинг замонавий технологиялари қўлланилади.

 

Заргарлик олийгоҳи ва маҳаллий заргарлар кооперациясини ташкил этиш учун Наманган вилоятида заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи йирик тадбиркорларга Наманган Муҳандислик технология институти ҳузуридаги “Саноат ва иқтисодиёт” техникуми бино-иншоотларини имтиёзли шартларда хусусийлаштириш масаласини кўриб чиқиш таклиф киритилиши натижасида ҳозирда ушбу фаолиятни бошлаш учун техникум бино иншоотлари компанияга берилган.

 

Мазкур таклифлар давлатимиз раҳбари томонидан қўллаб қуватланиб 2024 йилда бевосита корхонага ташриф буюрилган.

 

Пресс-тур доирасида Бизнес-омбудсман матбуот котиби Гулжамол Шукурова иштирокида журналистлар ва ОАВ вакиллари учун “Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган сифатли медиа контент яратиш” мавзусида семинар ўтказилди. Тадбир сўнгида семинар иштирокчиларига Бизнес-омбудсманнинг махсус сертификатлари топширилди.

 

Наманганда ташкил этилган ушбу пресс-тур тадбиркорлар муаммоларини ҳал этиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Бизнес-омбудсман девони томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ёрқин намунаси бўлди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение