29-Noyabr, 2024-yil

Тадбиркорлар ҳуқуқлари кафолати: Президент Фармонига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди – ФОТОРЕПОРТАЖ

Жорий йил 29 ноябрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Бизнес-омбудсман ўринбосари Жамшид Урунов ва Вакил девони мутасаддилари Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда "Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Фармонининг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берди.

 

Фармоннинг мақсади нима?

Ушбу фармон тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, текширишларни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш орқали қулай бизнес муҳитини яратишга қаратилган.

 

Фармон билан қандай ўзгаришлар киритилмоқда?

2025 йил 1 январдан:

Жисмоний шахс томонидан тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинади;

Фискал белгиларни акс эттириш тартибини бузиш, мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ва ходимлар сонини яшириш каби ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинади.

2025 йил 1 мартдан:

Судда иш юритиш тарафлар келишув битими тузганлиги сабабли тугатилганда, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга давлат божининг бир қисми қайтариб берилади.

 

Назорат қилувчи органлар фаолияти қандай такомиллаштирилади?

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилишга ваколатли органлар ва уларнинг назорат соҳалари рўйхати тасдиқланди;

"Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизими жорий этилади ва текширувлар хавф даражасига қараб ўтказилади;

Барча текширувлар "Ягона давлат назорати" ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида амалга оширилади.

 

Назорат қилувчи органлар ходимларининг малакаси қандай оширилади?

Текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномага эга ходимлар ҳар икки йилда Бизнес-омбудсман томонидан ташкил этиладиган ўқув курсларида малакасини оширади.

 

Назорат қилувчи органлар фаолияти қандай баҳоланади?

Бизнес-омбудсман ҳар йили назорат қилувчи органлар фаолиятини баҳолаб, уларнинг рейтингини эълон қилиб боради.

 

Бизнес-омбудсман девонининг фаолияти

Жорий йилнинг 10 ойи давомида Бизнес-омбудсман девонига тадбиркорлик субъектларидан 15 509 та мурожаат келиб тушган. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 2 117 та таъсир чораси қўлланилган. Натижада 16,1 млрд сўмлик даъво тадбиркорлар фойдасига ҳал этилган.

Шунингдек, тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича 9 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган. 648 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, улар бўйича 617 та таклиф ва эътирозлар юборилган.

 

Хулоса

Ушбу Фармоннинг қабул қилиниши тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, назорат қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштириш ва уларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение