15-Noyabr, 2024-yil

Энергия таъминоти бўйича бажарилган ишлар ва режалар кўриб чиқилди

Президент Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия билан узлуксиз таъминлаш, соҳа корхоналарида самарадорликни ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Бу борада 10 июнь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида вазифалар белгиланган эди. Мутасаддилар шу аснода амалга оширилган ишлар, куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарлик тўғрисида ахборот берди.

Қайд этилганидек, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиб бораётган талабига мос ҳажмда газ етказиб берилмоқда. Тармоқлар модернизация қилинаётгани, иқтисодиётда энергия самарадорлик оширилаётгани натижасида йўқотишлар камаймоқда. Масалан, сўнгги йилларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун газ сарфи 1,6 баробар камайган.

Олдинда яна кўп вазифалар бор. Ҳозирги мавсум ва келгуси йилларда аҳолини энергия манбалари билан барқарор таъминлаш, бунинг учун етарли захира тайёрлаш зарур.

Йиғилишда шу масалалар тармоқлар кесимида муҳокама қилинди.

Бу йил қиш мавсумида истеъмолчиларга 21 миллиард куб метр газ етказиб бериш ҳисоб-китоб қилинган. Ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетса, аҳоли эҳтиёжи янада ошади. Мутасаддилар бу борадаги режаларни ойма-ой ва туманлар кесимида баён этди.

Ижтимоий муассасалар ва корхоналарни энергия билан узлуксиз таъминлаш учун алоҳида захира инобатга олинган. Ушбу табиий газни иссиқлик электр станциялари, кимё ва металлургия корхоналари, газ қуйиш шохобчаларига манзилли етказиш бўйича тизим ташкил этилган.

Тармоқларда газ ҳисоби ва назорати бўйича бошланган ишларни қатъий давом эттириб, йўқотишларни янада камайтириш мумкинлиги таъкидланди. Андижон, Навоий ва Тошкент вилоятларида газни тежаш бўйича аниқланган имкониятларни бошқа ҳудудларда ҳам амалга ошириш вазифаси қўйилди.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга ишни туман ва маҳаллалар миқёсида ташкил этиб, энергия таъминоти билан боғлиқ масалаларни жойида ҳал қилиш, талаб ва истеъмолни мувофиқлаштириб, узилишларнинг олдини олиш бўйича кўрсатмалар берди.

Йиғилишда газ соҳасидаги трансформация жараёнларига ҳам тўхталиб ўтилди. Тармоқ корхоналари халқаро молия бозорига чиқиб, модернизация учун маблағларни мустақил жалб этиши белгиланди.

Газ тармоқларини янгилаш ва тартибга солишда энг катта имконият – рақамлаштириш ва хусусий шериклик. Шу нуқтаи назардан, тармоққа хусусий операторларни жалб қилиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Президент ҳар бир тармоқ ва унинг корхоналари кесимида таннархни камайтириш, харажатни мақбуллаштириш ва трансформация жараёнини тезлаштириш бўйича топшириқлар берди. Етакчи хорижий компанияларни жалб этиб, геология-қидирув ишларини кенгайтириш муҳимлиги айтилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение