30-Oktabr, 2024-yil

Асоссиз ундирилган пул маблағлари тадбиркорга қайтариб берилди

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги “PASTDARG’OM AGRO OLAM” МЧЖ (номи ўзгартирилган) ҳамда АТИБ “Ипотека банк” Самарқанд филиали ўртасида 21.08.2017 йилда тузилган кредит шартномасига асосан банк томонидан кредит маблағи ажратилган бўлиб, мазкур кредит таъминоти сифатида Пастдарғом туманидаги “BUNYODKOR” (номи ўзгартирилган) МЧЖга тегишли бўлган мол-мулклар гаровга қўйилган.

Суднинг қарорига асосан кредит тўловини мажбурий ундириш доирасида МИБ Пастдарғом тумани бўлими томонидан ундирув гаров таъминотида турган объектларга қаратилмасдан “BUNYODKOR” МЧЖнинг банкдаги ҳисобварақларидан ноқонуний равишда пул маблағлари ечиб олинган.

Ушбу масалада тадбиркорлик субъекти бир неча бор мурожаат қилсада, пул маблағлари қайтариб берилмаганлиги сабабли корхона томонидан Бизнес-омбудсманга мурожаат қилинган.

Ўрганишда ижро ҳаракатлари давомида “МИБ Портал” электрон дастури орқали “BUNYODKOR” МЧЖнинг банкдаги ҳисобрақамларига инкассо топшириқномалари юборилиб, 08.08.2024 йилдан 18.09.2024 йилга қадар жами 285 млн сўм маблағ ундирилганлиги маълум бўлган.

Бизнес-омбудсман девони ходимлари аралашуви билан ушбу ҳолат МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари билан биргаликда кўриб чиқилиб, асоссиз ундирилган 285 млн сўм “BUNYODKOR” МЧЖнинг ҳисобрақамига қайтарилиши таъминланган.


Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение