Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи «Саёҳат» (номи
ўзгартирилган) хусусий корхонаси раҳбари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб
қўйилган мулки учун компенсация тўлаб берилмаганидан норози бўлиб
Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, тадбиркорга тегишли бўлган нотурар жой биноси
давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган. Мустақил баҳоловчи ташкилотнинг
ҳисоботига кўра, бино ва ер участкасининг умумий қиймати 1 млрд сўмни ташкил
этган. Бироқ ҳокимлик томонидан тадбиркорга компенсация тўлови амалга
оширилмаган.
Ўрганиш давомида, Вакил девони томонидан тадбиркор
манфаатида туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилди. Суд томонларнинг
даъво ва эътирозларини ўрганиб чиқиб, Вакил девонининг тадбиркор манфаатидаги
даъвосини қаноатлантирди ва жавобгар Тошкент шаҳар ҳокимлигидан тадбиркор
фойдасига 1 млрд сўмлик компенсация тўловини ундириш тўғрисида қарор қабул
қилди.