Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи чоғида
Янгийўл туманидаги “Тинчлик” кичик саноат зонасида бўлиб, қатор корхоналар
фаолияти билан танишди.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорлик
фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда бу
каби мажмуаларнинг аҳамияти катта. Мазкур саноат зонаси тўрт йил олдин ўттиз
олти гектар майдонда ташкил этилган эди. Муҳандислик инфратузилмаси, ички
йўллар ва бинолар қурилиб, ишлаб чиқариш учун қулай шароит яратилди.
Бу ерга қурилиш материаллари, енгил саноат, озиқ-овқат
тармоқларида ўн бешта лойиҳа жойлаштирилган. Шундан ўнтаси ишга туширилган.
Уларда ўтган йили 295 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб
чиқарилган. Жорий йил якунлари бўйича бу рақамни қарийб икки бараварга
кўпайтириш мақсад қилинган. Ҳозирча бу корхоналарда 1 минг 500 дан ортиқ киши
меҳнат қилмоқда. Барча лойиҳалар ишга тушса, бандлик яна ортади.
“Enter Steel” корхонасида металл конструкциялар, юқори
босимга чидамли резервуарлар, юк кўтарувчи кранлар, бурғулаш ускуналари,
пайвандлаш электродлари, металл эшик, электр қутилар ишлаб чиқариш йўлга
қўйилган.
Ушбу лойиҳанинг қиймати 40 миллион доллар бўлиб, унга
тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар йўналтирилган. Бу ерга Хитой, Япония,
Россия, Туркия, Италия, Испания, Германия ва Нидерландия каби давлатлардан
ускуналар келтирилган. Бу эса маҳсулотлар сифати ва иш унумдорлиги юқори
бўлишига хизмат қилмоқда.
Корхонада жами 1 минг 500 кишини иш билан таъминлаш имкони
бор. Зарур мутахассисларни тайёрлаш учун “Амалий мономарказ” ташкил этилган.
Ўқув хоналари ва лабораториялар замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Таълим
дастури эса Тошкент давлат техника университети билан ҳамкорликда ишлаб
чиқилган.
Давлатимиз раҳбари корхонанинг иш жараёнини кўздан кечирди,
бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди.
Мутасаддиларга корхона маҳсулотлари зарур бўлган тармоқлар
билан кооперацияни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.