4-Iyun, 2021-yil

"ТОШКЕНТ ШАҲРИДА РЕКЛАМА БАННЕРЛАРИ БИЛАН БОҒЛИҚ ВАЗИЯТ БЎЙИЧА НИМА ЯНГИЛИКЛАР?” САРЛАВҲАЛИ АХБОРОТ ЮЗАСИДАН РАСМИЙ БАЁНОТ


2021 йилнинг 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман)нинг расмий веб сайтида “Тошкент шаҳрида реклама баннерлари билан боғлиқ вазият бўйича нима янгиликлар?” сарлавҳали ахборот эълон қилинган эди.

Ушбу ахборотда Тошкент шаҳрида реклама конструкциялари бузилиши масаласи Бизнес-омбудсман томонидан ўрганилаётгани, дастлабки ўрганиш жараёнларида реклама конструкцияларининг демонтажи Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2021 йил 27 мартдаги 323/37-6-сонли “Тошкент шаҳрида ташқи реклама соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилаётгани маълум қилинган.

Бироқ, айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларда ушбу ахборот нотўғри талқин этилиб, гўёки Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг юқоридаги қарори “реклама баннерларини бузиш бўйича қарор” дея эътироф этилаётгани кузатилмоқда.

Жамоатчиликни чалғитишга сабаб бўлувчи мазкур ҳолатга барҳам бериш мақсадида, Бизнес-омбудсман девони қуйидагиларни маълум қилади:

Тошкент шаҳрида реклама соҳасида фаолият олиб бораётган бир нечта тадбиркор томонидан ўзларига тегишли бўлган реклама объектлари (конструкциялари) демонтаж қилинаётганидан норози бўлиб мурожаат билан чиқиш қилишган ва бу вазият ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Дастлабки ўрганишларга кўра, пойтахт ҳудудидаги реклама конструкцияларини демонтаж қилишга Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг юқоридаги қарори айрим тадбиркорлар томонидан ҳуқуқий асос сифатида келтирилмоқда.

Бироқ, ушбу қарор Бизнес-омбудсман томонидан ўрганиб чиқилганида, қуйидагилар маълум бўлди:

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг “Тошкент шаҳрида ташқи реклама соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш тўғрисида”ги қарорида пойтахт ҳудудида реклама конструкцияларининг бузилиши масаласига тааллуқли норма акс этмаган. 

Қарорда реклама объектларини ўрнатиш ва реклама кострукцияларидан фойдаланишни тартибга солиш масалалари, шу жумладан тадбиркорлар билан шартномалар тузиш тизимини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида рақамлаштиришга ўтказиш чора-тадбирлари назарда тутилган.

Қарорда реклама конструкцияларини демонтаж қилиш бўйича талаб ёки топшириқлар белгиланмаган.

Бироқ, шунга қарамасдан, жорий йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Шайхонтоҳур, Чилонзор, Юнусобод ва Олмазор туманларида тадбиркорларга тегишли реклама конструкциялари айрим шахслар томонидан ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятига зид равишда демонтаж қилинган.

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар, оммага берилаётган ахборотларни тўғри ва холисона етказиш мақсадида, Бизнес-омбудсман расмий саҳифаларида эълон қилинаётган ахборотларда тушунмовчиликлар юзага келган тақдирда Бизнес-омбудсманнинг матбуот хизмати билан боғланиб, аниқлаштиришингизни сўраб қоламиз.

Биз билан қуйидаги манбалар орқали боғланишингиз мумкин:

Тел.: +99871 202-08-98.

Э-почта: info@biznesvakil.uz

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

https://www.facebook.com/biznes.ombudsman

https://www.instagram.com/biznes_ombudsman.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение