27-Sentabr, 2024-yil

2024 йил 1 октябрдан нималар ўзгаради?

2024 йил 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчилигимиздаги тадбиркорликка оид асосий ўзгаришлар нималардан иборат?

 

Модулли меҳмонхоналарга субсидия

2024 йил 1 октябрдан 2026 йил 31 декабрга қадар тадбиркорлик субъектлари томонидан модулли меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш (реконструкция қилиш бундан мустасно) харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан бир марталик субсидия ажратилади;

субсидия 2024 йил 1 октябрдан 2026 йил 1 ноябрга қадар бўлган муддатда мувофиқлик сертификати берилган янги ташкил этилган ҳамда камида 10 та модулдан иборат бўлган модулли меҳмонхонада яратилган ҳар бир жой учун 1 млн сўм миқдорида белгиланади.

 

Туризм ва умумий овқатланиш соҳасида ҚҚС қайтарилмоқда

2024 йил 1 октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига 2028 йил 1 январга қадар ҳар ойнинг 25 санасига қадар тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қуйидаги миқдорларда республика бюджетидан қайтариш тизими жорий этилади:

а) ойлик товар айланмасининг нақд пулсиз (тўлов терминаллари ёки мобил тўловлар орқали) қисми:

60 фоиздан ошган умумий овқатланиш корхоналарига — бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг 40 фоизи;

60 фоиздан кам умумий овқатланиш корхоналарига — бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг 20 фоизи;

б) туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига — бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг 20 фоизи.

 

Лигатура импортида лицензия ва бож бекор қилинмоқда

2024 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 октябрга қадар:

заргарлик саноатида ишлатиладиган лигатура маҳсулотларини импорт қилишда махсус турдаги товарлар импорти учун лицензия олиш талаби бекор қилинади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган ва заргарлик саноатида ишлатиладиган лигатура маҳсулотлари божхона божидан озод этилади.

 

Давлат харидлари тизими такомиллаштирилмоқда

Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва ушбу тизимда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида 2024 йил 1 октябрдан бошлаб:

давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар улар тузилишидан олдин камида бир иш куни, шунингдек, тендер савдолари натижаларига кўра расмийлаштирилган баённомалар давлат харидлари махсус ахборот порталига жойлаштириш орқали камида икки иш куни давомида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади;

Ягона етказиб берувчилар реестрига бозорда муқобиллари бўлмаган ва техник жиҳатдан мураккаб товарларни етказиб берувчилар Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хулосаси асосида киритилади;

давлат харидлари электрон тизимига ушбу тизимдан рўйхатдан ўтган юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларини улар томонидан ишлаб чиқариладиган (етказиб бериладиган) товарларга (ишларга, хизматларга) мос келадиган давлат буюртмасининг тизимга жойлаштирилганлиги тўғрисида хабардор қилиш функцияси киритилади;

давлат харидлари электрон тизими операторлари томонидан давлат буюртмачилари ва харид қилиш тартиб-таомиллари ижрочиларига шартномаларни бажариш вақтида келиб чиқадиган судгача бўлган низоларнинг белгиланган тартибда ҳал этилишида кўмаклашиш амалиёти йўлга қўйилади;

тендер савдоларида битта тадбиркорлик субъекти иштирок этган тақдирда, давлат буюртмачиси харид қилиш тартиб-таомилини ҳамда товарларга (ишларга, хизматларга) оид мезонларни ўзгартирмаган ҳолда такроран эълон жойлаштирганда ва такрорий тендер савдоларининг ягона иштирокчиси илгари иштирок этган тадбиркорлик субъекти бўлганда, тендер савдолари ўтказилган деб ҳисобланади.

 

Уй паррандаси гўшти ва қўшимча озуқабоп маҳсулотлари импортида божхона божи имтиёзи бекор қилинмоқда

2024 йил 1 октябрдан бошлаб янги сўйилган, совитилган ёки музлатилган уй паррандаси гўшти ва қўшимча озуқабоп маҳсулотлари (бутун гўшт, қанот, бел, бўйин, окорочок, голен, сон, қийма ва тери) Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда белгиланган божхона божи бўйича берилган имтиёз бекор қилинади.

 

Алкоголь ишлаб чиқариш қоидалари кучайтирилмоқда

2024 йил 1 октябрдан бошлаб:

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қуйидаги қўшимча лицензия талаблари жорий этилади:

йиллик лицензия тўловларини, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларга риоя қилиш;

алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ва уларнинг савдосида сифат талабларига, шунингдек, акциз маркаларини қўллаш ҳамда идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тартибларига риоя этиш;

алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини мониторинг ва назорат қилиш имконини берувчи видеокузатув воситаларини ўрнатиш.

 

IT-парк резидентлари учун янги тизим

2024 йил 1 октябрдан бошлаб жами даромади календарь йил давомида 100 миллиард сўм ва ундан юқори бўлган IT-парк резидентлари учун экспортнинг минимал кўрсаткичлари ҳамда мазкур кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда улар томонидан IT-парк дирекциясига жами даромадидан ўтказиладиган ажратмаларнинг табақалаштирилган миқдори жорий этилади;

Бунда, чорак якуни бўйича хизматларни (товарларни) экспорт қилишдан олинадиган даромадлар ушбу даврдаги жами даромаднинг 2024 йил 1 октябрдан бошлаб — 10 фоизи, 2026 йил 1 январдан бошлаб — 20 фоизи, 2027 йил 1 январдан бошлаб — 35 фоизини:

ташкил этган ҳолларда ажратма микдорини — бир фоиз;

ташкил этмаган такдирда ажратма микдорини — икки фоиз этиб белгилаш.

 

Объектларни фойдаланишга қабул қилиш рақамлаштирилмоқда

2024 йил 1 октябрдан бошлаб қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилган ҳолда, «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг «Қурилишда давлат назорати» электрон платформаси орқали расмийлаштирилади.

 

Сифатсиз маҳсулотларга қарши кураш кучайтирилмоқда

2024 йил 1 октябрдан бошлаб техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун:

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқ маҳсулотни муомаладан чиқариш ёки маҳсулотнинг камида 60 фоизини чақириб олиш тўғрисидаги кўрсатмаларни бажармаганлик учун — юридик шахсларга реализация қилинган маҳсулот қийматининг 100 фоизи миқдорида молиявий жарима қўллаш;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқ маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳолатлари тасдиқланганда, ушбу маҳсулотларга расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатини Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан тўхтатиб туриш;

сертификатлаштириш органининг қоидаларга риоя этмаганлиги (шу жумладан, маҳсулот барча мажбурий кўрсаткичларга мувофиқлиги баҳоланмаганлиги) натижасида сифатсиз маҳсулотлар реализация қилинганлиги ҳолатлари аниқлаганда, мазкур органнинг сертификатлаш фаолиятини Инспекция томонидан тўхтатиб туриш.

 

Хавфли маҳсулотларни олиб киришда янги тартиб

2024 йил 1 октябрдан эътиборан ишлаб чиқарилган ва четдан олиб кириладиган хавфлилик даражаси юқори бўлган маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби жорий этилади. Бунда, республика ҳудудига олиб кирилаётган маҳсулотлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома божхона ҳудудига келишидан аввал «Ягона дарча» божхона ахборот тизимига ва Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига импорт қилувчи томонидан жойлаштирилиши шарт.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение