Бугун, 11 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, камбағал оилалар билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Тўрт йил аввал бу борадаги ишлар бошланганида 7,5 миллион ёки 23 фоиз аҳолининг даромади камбағаллик чегарасига етмас эди.
Шу даврда аҳолимиз 3,7 миллионга кўпайди, камбағаллик чегараси ҳам тегишли равишда 1,5 карра оширилди.
Бунга қарамасдан, 3,5 миллион одамни даромадли қилиш ҳисобига 2023 йил якуни билан камбағалликни 11 фоизга пасайтиришга эришилди.
Аввало, ижтимоий ҳимоя қамрови 4,5 карра оширилиб (466 минг оиладан 2,2 миллионга), ўтган йили бу мақсадларга 12,3 триллион сўм ажратилди. Пенсия ва нафақалар миқдори ҳам 1,5 баравар кўпайтирилди.
Маҳаллада камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик лойиҳаларига 35 триллион сўм арзон кредит, 7 триллион сўм субсидия берилгани таъкидланди.
Маҳаллаларни обод қилиш, боғча, мактаб, тиббиёт, йўл, сув ва электр инфратузилмаси учун 120 триллион сўм ажратилди.
Шунингдек, 260 минг гектар ер 800 минг аҳоли, аввало ёшларга деҳқончилик қилиш учун даромад келтирувчи актив сифатида тарқатилди.
Яқинда мамлакатимизда бўлган БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори бу нафақат иш ўрни ва даромад, балки озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда жуда тўғри йўл эканини эътироф этди.
Ўтган ойда Камбағалликни қисқартириш бўйича халқаро конференцияга келган 60 дан ортиқ мамлакат экспертлари Ўзбекистон қисқа муддатда яратган тажрибани юқори баҳолади.
Президент камбағалликни қисқартириш бўйича ишлар аҳволи ҳамма вилоят ва туманда ҳам бир хил эмаслигини кўрсатиб ўтди.
Масалан, ўтган олти ойда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Хоразмда камбағаллик 2 фоиздан ортиқ камайган бўлса, Навоий, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент шаҳрида ўзгариш бўлмаган.
Республиканинг 15 та туманида камбағаллик 20 фоиздан юқори. Булар – Амударё, Беруний, Қонликўл, Нукус, Тахтакўпир, Хўжайли, Чимбой, Гулистон, Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба, Гурлан, Янгиариқ, Янгибозор ва Тупроққалъа.
Бу туманларда камбағалликни қисқартириш учун уч йилда 1,7 триллион сўмлик арзон кредит ва субсидия берилган бўлса-да, ўзгариш бўлмаган.
Аҳолига бўлиб берилган ерлар бўйича 16 та туманда 2-3 мартадан ҳосил олиш ҳисобига камбағаллик 2 карра камайди. Булар – Пахтаобод, Балиқчи, Гурлан, Хонқа, Олтиариқ, Данғара, Конимех, Боёвут, Жомбой, Шофиркон, Ш.Рашидов, Зомин, Шаҳрисабз, Ўртачирчиқ, Бўка, Тахиатош туманлари.
Лекин, 14 та туман – Қонликўл, Шуманай, Қоровулбозор, Пешку, Чироқчи, Муборак, Нуробод, Оқолтин, Музработ, Бандихон, Қизириқ, Оҳангарон, Паркент, Тупроққалъада ўзгариш сезилмаяпти.
Туман ҳокимлари, уларнинг иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарларига бу борадаги фаолияти сустлиги бўйича қатъий эътироз билдирилди.
Президент топшириғига кўра, мутасаддилар масаланинг ичига чуқурроқ кирди, энг оғир маҳалладаги ночор оилаларга бориб, нимага кўпроқ эътибор бериш кераклигини ўрганди.
Бу масалада савдо, сервис, тўқимачилик, тиббиёт, овқатланиш, қурилиш, касаначилик, электротехника, транспорт соҳаси тадбиркорлари билан аниқ муҳокамалар ўтказилди.
Ўрганишлар камбағалликни фақат пул тарқатиш билан ҳал қилиб бўлмаслигини кўрсатмоқда.
Ҳозирда 3-5 миллион сўмгача ойлик бераман деган корхоналарда 250 мингта бўш иш ўрни бор. Лекин камбағал оилани 35 фоиз ишга лаёқатли аъзоларида билим ва кўникма кам.
Бола парвариши билан банд бўлгани учун ишлаш хоҳиши бўлган аёлларнинг 43 фоизи ишга бора олмаяпти.
Камбағал оилаларнинг 83 фоизида катта томорқа бор. Лекин уларнинг 62 фоизида – сув, 48 фоизида – электр муаммоси бор, яна 50 фоизи марказдаги бозорга боришга қийналмоқда.
Давлатимиз раҳбари камбағалликка тушиш сабаблари ҳар хил экан, ечими ҳам алоҳида-алоҳида бўлиши кераклигини кўрсатиб ўтди.
Ҳозирда камбағалликни қисқартириш бўйича кейинги йиллар учун жуда катта “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури тайёрланаётгани маълум қилинди.
Унда еттита имконият ва масъулият тамойили асосида Ўзбекистоннинг навбатдаги янги ёндашувлари белгилаб берилади.
Бундан буён камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади.
Мутасаддиларга ҳар бир маҳаллани тўлиқ хатловдан ўтказиб, улардаги “камбағал оилалар портрети”ни ишлаб чиқиш топширилди. Камбағал оила бўйича индивидуал дастур бўлади, ҳар бир вазирликнинг аниқ вазифаси кўрсатилади.
Иқтисодий комплекс – Ж.Қўчқоров тизими оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш билан шуғулланса, ижтимоий ҳимоя – М.Оллоёров тизими кимни реестрга киритиш, қайси оилани ундан чиқаришга жавоб бериши белгиланди.
Туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари камбағал оилалар хонадонига кириб, бу ердаги шароитни ўз кўзи билан кўрсагина натижа бўлиши таъкидланди.
“Одамларга қанча ёрдам бермайлик, маҳаллалар шароитини яхшиламасак, камбағаллик қисқармайди”, - деди Президент.
Шу боис, келгуси йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга барча манбалардан 1,6 миллиард доллар ажратилади.
Бу маблағларнинг 1,2 триллион сўми, аввало, энг оғир 300 та маҳаллада сув насослари ва қуёш панеллари ўрнатишга берилади. Яна 2 триллион сўм ҳисобидан энг оғир 500 та маҳаллада электр, йўл, интернет ва бошқа инфратузилма масалалари ҳал этилади.
Бу ишларни амалга ошириш учун вазирлар, ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, бошқарма бошлиқларидан иборат 250 нафар раҳбарга энг оғир 1 мингта маҳалла боғлаб берилади.
Шунингдек, вилоятдаги 2 минг ва тумандаги 12 минг нафар раҳбарнинг ҳар бирига 5 тадан шароити энг оғир оила бириктирилади.
Бугунги кунда республика бўйича камида 50 та иш ўрни яратган 9 минг 200 га яқин тадбиркор бор.
Улар яқинда ўтган Президент билан очиқ мулоқотдан руҳланиб, кўникмаси ва хоҳиши бор 500 минг одамга иш беришга тайёрлигини билдирган.
Масалан, Балиқчи туманидаги тадбиркор Хитой тажрибаси асосида кооперация тизимини жорий этиб, 520 нафар камбағал аҳолини ишли қилиш ташаббуси билан чиқаяпти.
Тадбиркорга кредит берилса, вилоятнинг ҳар бир туманида 1 тадан корхона очиб, унга 30 нафар эҳтиёжманд оила вакилини улушдор қилиб киргизиб, 4-5 миллион сўмгача ойлик тўламоқчи.
Бунда, фақат эҳтиёжманд одамларни ишга олиш – кредитнинг асосий шарти бўлади.
Андижон вилоятидаги қолган 58 та парранда корхонаси ҳам 4-5 тадан шундай лойиҳа қилиб, 10 минг эҳтиёжманд аҳолини иш билан таъминлашга тайёр.
Вилоятдаги 660 та балиқ хўжалиги кооперация орқали 10 мингта янги иш жойи яратишни ташаббус қилган.
Бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлаб, Президент мутасаддиларга мана шундай лойиҳаларни молиялаштириш бўйича янги тизим яратишни топширди.
Андижондаги насос станциялари ёнидан камида 10 гектар ерда 30 сотихлик майдонлар балиқчилик кооперацияларига таклиф қилинади.
Ушбу тажрибаларни йўлга қўйиш орқали парранда ва балиқчиликда камида 200 минг эҳтиёжманд аҳолини банд қилиш мумкин.
Умумий овқатланиш соҳасига берилган енгилликларга жавобан соҳадаги йирик брендлар қисқа муддатда Самарқанд, Андижон ва пойтахтда 2 минг одамга иш берди.
Икки йил аввал умумий овқатланиш соҳаси тадбиркорларига ижтимоий солиқдан имтиёз берилган эди.
Тадбиркорларга шу имтиёз яна 2 йилга узайтириб берилса, улар 150 минг эҳтиёжманд аҳолини иш билан таъминлашга тайёр.
Айрим корхоналар колл-марказ ташкил қилиб, ҳозирни ўзида 2 минг нафар ногиронлиги бўлган аҳолига компьютер ва телефон олиб бериш орқали уларни уйини ўзида иш билан таъминламоқчи.
Хизматлар соҳасидаги тадбиркорлар камбағал аҳолини ишли қиламан деса, имтиёз муддатини яна узайтириш мумкинлиги таъкидланди.
Ҳозир саноатда энг кўп иш ўрни яратадиган соҳа – тўқимачилик.
Тадбиркорлар 2 йил аввал тайёр трикотаж, бўялган мато ва газлама корхоналарига ижтимоий солиқдан берилган имтиёзни узайтириб беришни сўрамоқда.
Агар корхоналар камбағал аҳолини банд қилса, ўша ишчига ижтимоий солиқдан имтиёз яна уч йилга сақланиб қолади.
Ушбу имтиёз нафақат тўқимачиликка, балки барча соҳадаги корхоналарга берилади.
Бу имкониятдан фойдаланиб, тўқимачилик, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал ва ҳунармандчиликда 120 минг, деҳқончилик ва чорвачиликда 120 минг, қурилиш соҳасида 25 минг, электротехникада 20 минг камбағал аҳолини ишли қилиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Бир йил давомида яна 50 минг гектар ерни 100 мингта камбағал оилага бўлиб бериш режалаштирилгани маълум қилинди.
Ушбу ерларда “компания – кооператив – деҳқон хўжалиги” тамойили асосида деҳқончилик ва боғдорчилик ташкил этилади. Бунда, ердан уч хил даромад олинадиган янги тизим яратилади:
- қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчи ва экспорт қилувчи катта компания камбағал оилалардан ерни иккиламчи ижарага олади;
- ёки ер эгалари улушдор сифатида кооперацияга бирлашиб, компаниялардан буюртма олади ва топилган даромад улар ўртасида тақсимланади;
- ҳар икки ҳолатда ҳам ушбу аҳоли ерда ўзи маҳсулот етиштириб, бунинг учун ойлик олади.
Яъни, камбағал оила ўзига берилган ердан янада самарали фойдаланиб, ойлик олиш билан бирга, ижара ёки дивиденддан даромад кўради.
Мутасаддиларга вилоят ҳокимлари билан биргаликда бу орқали камида 200 минг аҳолини банд қилиш топширилди.
Яқинда микромолия хизматлари бўйича янги механизмларни жорий қилинди.
Эндиликда 2024-2025 йилларда одамлар ўзини ўзи банд қилиши, кичик ва ўрта тадбиркорлик билан шуғулланиши учун микрокредитлар ажратишга 10 триллион сўм берилади.
Шунингдек, камбағал оилаларга 30 миллион сўмгача ускуна, кўчма дўкон (фуд-трак), мотороллер, скутер каби воситалар 5 йилда бўлиб тўлаш шарти билан берилади.
Камбағал оила фарзандларига компьютер сотиб олиш учун 5 йилга 2 йиллик имтиёзли давр билан фоизсиз кредит ажратилади.
“Зарбдор тажрибаси” асосида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасида камида 5 тадан “драйвер” лойиҳани инфратузилма билан таъминлаш учун йил якунигача 500 миллиард сўм, келаси йили яна 1 триллион сўм ажратилади.
Ҳокимларга бу лойиҳаларни тезлаштириб, йил охиригача 150 минг аҳолини ишли қилиш топширилди.
Ҳозирда хусусий инсон ресурслари компаниялари иш берувчиларга билим ва кўникмаси, салоҳияти бор кадрларни топиб бермоқда.
Эндиликда бу тажрибани кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Савдо-саноат палатаси ҳузурида ишлаш истаги бор камбағал аҳоли орасидан тадбиркорларга ишчи топиб, уларни тайёрлаб берадиган марказ ташкил қилинади.
Ушбу марказ орқали қайси йўналишда қанча ишчи кераклиги ўрганилади, камбағал аҳоли нимага қизиқиши ва кўникмаси борлиги аниқланади, тадбиркорлар талабига мос камбағал оила аъзолари ишга йўналтирилади, малакаси етмаганлар эса тадбиркорлар билан бирга касбга ўқитилиб, кейин ишли қилинади.
Умуман, айтилган барча имкониятлар ҳисобига йил якунигача 500 минг, бир йилда 1,2 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ҳокимлари олдига вазифа қилиб қўйилди.
Президент ҳар бир камбағал оилада, айниқса, хотин-қизлар орасидан камида 1 нафар олий маълумотли бўлиши учун шароит яратилишини эълон қилди. Бунда:
- олийгоҳ, коллеж ва техникум талабаларининг ўзлаштириш кўрсаткичи камида 80 фоиз бўлса, уларга кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити берилади;
- олийгоҳ, коллеж ёки техникумга киришда грант учун етарли баллни 80 фоизини тўплаган камбағал оила фарзандларига қўшимча грант ажратилади.
Бундан ташқари, молиявий мустақил бўлган олийгоҳларни ҳар бири йилига камида 1 миллиард сўмлик грант эълон қилади.
Бу грантлар ҳисобидан, фанларни ўзлаштиришидан келиб чиқиб, камбағал оила фарзандлари контрактининг 20 фоиздан 80 фоизгача қисми қоплаб берилади.
Камбағал оилалар фарзандларини боғча, мактаб, техникум ва олийгоҳларда сифатли таълим олишини ташкил қилиш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш масалаларини мувофиқлаштириш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева зиммасига юклатилди.
Президент бундан буён Ҳукуматдан тортиб туман ташкилотигача барча бўғиндаги раҳбарларнинг кундалик иши оилаларни камбағаллик шароитидан олиб чиқиш бўлиши кераклигини кўрсатиб ўтди.
Мутасаддилар бу борада назорат ҳам, сўров ҳам қаттиқ бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.
Бош прокурорнинг соҳага оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат учун масъул алоҳида ўринбосари тайинланди.
У ҳар ҳафта камида битта туманга бориб, камбағал оилаларни реестрга киритиш ва чиқаришнинг ҳаққонийлигини ўрганади, камбағал оилаларга берилаётган маблағлар эгасига манзилли етиб боришини назорат қилади.
Бош вазир ўринбосари бошчилигида камбағалликни қисқартириш масалалари билан шуғулланувчи комиссия тузилиши белгиланди. Ижтиимоий ҳимоя агентлиги директори унга ўринбосар бўлади.
Вилоят ва туман комиссияларига ҳокимлар бошчилик қилади.
Комиссия ҳар бир вилоятда биттадан тумандаги ишларни ҳафталик муҳокама қилиб, бириктирилган раҳбарлар фаолиятига баҳо беради. Жойларда кўтарилган масалаларни зудлик билан ҳал қилиб боради. Камбағалликни қисқартириш бўйича режалар ижроси юзасидан ҳар ойда Президентга ахборот киритади.
Шунингдек, 9 та иқтисодий тадқиқот марказлари ва олийгоҳлари ҳам илмий ёндашувлар асосида камбағалликни қисқартириш масалалари билан шуғулланиши белгиланди.
Йиғилиш давомида мутасаддиларнинг кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳисоботлари ва режалари тингланди.