5-Sentabr, 2024-yil

Тадбиркорга қўлланилган асоссиз пеня Бизнес-омбудсман ёрдамида бекор қилинди

Жиззах вилоятида фаолият юритувчи "Сеҳрли диёр" (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари суд қароридан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

 Маълум бўлишича, Жиззах вилоят ҳокимлиги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси ва тадбиркор ўртасида 2023 йил 25 май куни Арнасой туманидаги марказий шифохонанинг ичимлик ва оқова сув тармоқларини 2023 йилнинг 1 октябрь кунига қадар реконструкция қилиш бўйича 1,836 млрд сўмлик пудрат шартномаси имзоланган. Объект 2023 йил 29 декабрда тегишли тартибда фойдаланишга қабул қилинган.

 Шунга қарамай, буюртмачи Жиззах туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, пудратчи томонидан ишлар белгиланган муддатдан 89 кунга кеч бажарилганлиги сабабли пеня ундиришни талаб қилган. Суднинг 2024 йил 16 апрелдаги ҳал қилув қарорига кўра, пудратчидан буюртмачи фойдасига 25 млн сўм пеня, 34 минг сўм почта харажатлари ва 5 млн сўм давлат божи ундирилиши белгиланган.

 Мурожаатда келтирилган важлар вакил девонида ўрганилганда, биринчи инстанция суди ишни бир томонлама кўриб чиққанлиги, томонлар ўртасида тузилган пудрат шартномасига мувофиқ, буюртмачи пудратчига қурилиш ишларини бажариши учун зарур шароитлар яратиши, хусусан, корхона шартнома тузилган вақтдан рухсат берувчи ҳужжатларни олгунига қадар бўлган даврда қурилишни амалга оширишга имкони бўлмаганлиги, даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаганлиги каби ҳолатларга эътибор қаратмаганлиги маълум бўлди.

 Шунга кўра, Вакил девони томонидан ушбу суд қарорига нисбатан берилган кассация шикояти асосида, Жиззах вилоят судининг 2024 йил 28 августдаги ажрими билан мазкур қарор бекор қилинди. Натижада, тадбиркордан 25 млн сўм пеня ва 5 млн сўм давлат божи ундирилмайдиган бўлди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение