Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30 август 2024 йилдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони (ПФ-132-сон) қабул қилинди.
Фармоннинг асосий мақсади тадбиркорлар билан очиқ мулоқот доирасида келиб тушган 12 мингта мурожаатда кўтарилган тизимли муаммоларни ҳал этиш, таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш, очиқ мулоқотда белгиланган устувор вазифаларни бажаришдан иборат.
Фармон доирасида қуйидагилар амалга оширилади:
Тадбиркорлар мурожаатлари асосида ишлаб чиқилган 5 та йўналишдан иборат Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2024 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш дастури доирасида:
Ишлаб чиқиладиган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари рўйхати тасдиқланди.
Амалий тадбирлар режаси тасдиқланди.
Вазирлик ва идоралар раҳбарларига қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқиш, келишиш ва киритиш, шунингдек, тадбирларни сўзсиз бажариш юзасидан шахсий жавобгарлик юкланди.
Топшириқларни ўз вақтида бажармаган раҳбарларга рағбатлантириш тўловлари тўхтатилади.
2024 йил 1 ноябрдан бошлаб:
Давлат дастурлари асосида кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга барча тижорат банклари ва микромолия ташкилотлари жалб қилинади.
Тижорат банклари ва микромолия ташкилотларига ўз ресурслари ҳисобига кичик тадбиркорлик субъектларига 300 миллион сўмгача гаровсиз микрокредитлар ажратишга рухсат берилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб электрон онлайн аукцион савдоларида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида реализация қилиш бўйича айланма қўшилган қиймат солиғидан озод этилади.
2024 йил 1 ноябрга қадар тадбиркорлик субъектларига электр энергияси ва табиий газ учун тўловни олдиндан амалга оширишда қулайлик яратилади, шартномавий лимитлар оширилади ва ундан ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси ҳамда табиий газ учун қўшимча тўлов камида 10 бараварга камайтирилади.
Экспорт операциялари бўйича ҚҚС суммаси ўрнини қоплашда тадбиркорлардан божхона органининг товарлар белгиланган мамлакатга жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган ҳужжатларни солиқ органларига тақдим этиш талаб этилмайди.
Асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи қисмлар импортига оид контрактда уларни етказиб бериш муддати 180 кундан ортиқ этиб белгиланган бўлса, мазкур операция бўйича активларни репатриация қилиш муддати сифатида контрактда кўрсатилган етказиб бериш муддати эътироф этилади.
2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар умумий овқатланиш корхоналарига фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади.
2024 йил 1 октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини, 2025 йил 1 январдан бошлаб умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига 2028 йил 1 январга қадар ҳар ойнинг 25 санасига қадар тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисми республика бюджетидан қайтарилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб давлат харидларини амалга оширишда товарнинг ўзлаштириш даражасидан келиб чиқиб ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.
2024 йил 1 ноябрдан бошлаб барча учун очиқ ҳолатда юритиладиган Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестри жорий қилинади.
2025 йил 1 январдан бошлаб назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатиб туришга фақатгина реестрга киритилган омиллар асосида йўл қўйилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфини аниқлаш бўйича "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизими жорий этилади.