29-Avgust, 2024-yil

2024 йил 1 сентябрдан нималар ўзгаради?

2024 йил 1 сентябрдан кучга кирадиган қонунчилигимиздаги тадбиркорликка оид асосий ўзгаришлар нималардан иборат?

 

Шоли етиштирувчиларга имтиёзли кредитлар берилади

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга шоли етиштириш ва харид қилиш харажатларини молиялаштириш учун ПҚ-52-сон қарорида белгиланган шартларда имтиёзли кредитлар ажратилади.

Унга кўра шоли экинларни етиштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 14 фоиз (шундан 2 фоизи банк маржаси) ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга кредитлар ажратилади.

Бунда шоли харид қилиш бўйича шартномалар шоличилик кластерлари билан фермер хўжаликлари ўртасида Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Агроплатформа» ахборот тизими орқали тузилади.

 

Экспортга кўмаклашиш учун янги имкониятлар

Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари жорий қилинади:

а) нуфузли халқаро брендлар рўйхатига киритилган бренд эгалари билан саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғрисида тўғридан-тўғри шартнома тузган юқори ва ўрта барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлик субъектлари учун:

халқаро стандартларни жорий қилиш, экологик ва мувофиқлик бўйича сертификатлаш, шунингдек, мазкур қарорга 2-иловада келтирилган рўйхатдаги мутахассисларнинг бренд эгалари ҳисобланган корхоналарда, жумладан, уларнинг ишлаб чиқариш майдонларида малакасини ошириш харажатларини қоплаш;

нуфузли халқаро брендлар остида камида 1 миллион АҚШ доллари миқдорида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилганда — грантлар ажратиш;

б) миллий брендлар рўйхатига киритилган бренд эгаларига қуйидаги харажатларнинг 50 фоизигача қисмини қоплаб бериш:

стандартлаштириш ва сертификатлашнинг халқаро тизимларини жорий этиш, шунингдек, хорижий ваколатли органларда миллий маҳсулотлар ва брендларни (товар белгиларини) рўйхатдан ўтказиш;

халқаро савдо майдончаларига (маркетплейсларга) чиқиш, хорижий давлатлардаги «Made in Uzbekistan» шоурумларида маҳсулотларини жойлаштириш, хорижий савдо уйларини ташкил қилишда биноларни ижарага олиш;

халқаро кўргазмаларда қатнашиш учун рўйхатдан ўтиш, жойни ижарага олиш, кўргазма стендларини ташкил этиш ва маҳсулотлар рекламасини интернет тармоғида жойлаштириш;

ишлаб чиқариш бизнес жараёнларини автоматлаштириш бўйича (CRM, ERP, CERM) ахборот тизимларини жорий қилиш;

мазкур қарорга 2-иловага мувофиқ камида бир йилга жалб қилинган малакали хорижий мутахассисларнинг иш ҳақини тўлаш.

 

Заргарлик саноатини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратилади

«Ўзбекзаргарсаноати» уюшмасига аъзо бўлган аффинаж корхоналарига «Олмалиқ КМК» АЖ ва «Навоий КМК» АЖдан тўғридан-тўғри шартномалар асосида 100 фоиз олдиндан тўлов шартларида қимматбаҳо металларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни қулай бўлган шакл ва миқдорларга келтирган ҳолда заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга сотиш ҳуқуқи берилади;

заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга ўзлари ясаган ярим тайёр заргарлик буюмларини бошқа заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга реализация қилишга рухсат этилади.

 

Туроператорларга туристларни жалб қилиш учун имтиёзли кредитлар ажратилади

Кириш туризми фаолиятини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган туроператорларни хорижий мамлакатлардан республикага туристларни олиб келишда айланма маблағ билан таъминлаш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан республика тижорат банклари орқали 50 миллион АҚШ доллари эквивалентида миллий валютада йиллик 14 фоиз ставкада кредит линияси очилади. Бунда:

тижорат банклари томонидан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ресурслари ҳисобидан ажратиладиган кредитлар бўйича белгиланган йиллик фоиз ставкаси таркибида банк маржаси 3 фоиздан ошмаган миқдорда ўрнатилади;

кредит маблағлари туроператорларга 2 йиллик имтиёзли давр (фоиз ва асосий қарздан) билан 10 йил муддатга ажратилади;

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан тижорат банкларига ресурслар 3 йиллик имтиёзли давр билан 12 йил муддатга ажратилади.

 

Электрон дўконда ижтимоий мезонлар асосида имтиёзлар берилади

Электрон дўкон воситасида давлат харидларини амалга оширишда нарх ва бошқа шароитлар тенг бўлган ҳолларда, иловага мувофиқ мезонларнинг бири асосида ногиронлиги бўлган шахслар, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаган кичик тадбиркорлик субъектларининг таклифлари устунликка эга бўлади.

 

Спиртдан мақсадсиз фойдаланиш жаримага сабаб бўлади

Истеъмол ва техник этил спирти харид қилган ишлаб чиқарувчилар томонидан Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг ахборот тизимига харид қилиш жараёнида жойлаштирилган истеъмол ва техник этил спиртидан фойдаланиш мақсадларидан бошқа мақсадда фойдаланилганлиги аниқланганда, охирги 12 ойда биржа савдоларида харид қилинган истеъмол ва техник этил спирти ҳажмига ҳисобланадиган акциз солиғи суммасининг 2,5 баравари миқдорида солиқ органлари томонидан молиявий жарима қўлланилади.

 

Маркировкаланадиган маҳсулотларни сотиш тартибини бузишга қарши чора кўрилади

Тадбиркорлик субъектлари томонидан маркировкаланадиган маҳсулотларни маркировкани ўқиш қурилмаларидан фойдаланмаган ҳолда сотиш ҳолатлари солиқ органлари базаси маълумотлари асосида аниқланганда, ушбу тадбиркорлик субъектлари шахсий кабинети орқали ҳолат юзасидан огоҳлантирилади ҳамда қуйидаги чораларни кўриш амалиёти жорий этилади:

икки марта огоҳлантиришдан сўнг қонун бузилиши бир ой ичида қайта такрорланган тақдирда, тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқбузарлик содир этилган чоракдаги фаолият юзасидан солиқ текшируви тайинланади;

қонун бузилиши солиқ текшируви якунлангандан бир ойдан кейин қайта такрорланганда тадбиркорлик субъектларини хабардор қилмасдан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни текшириш кунида хабардор қилган ҳолда солиқ текшируви тайинланади.

 

Инспекция инспекторларига тезкор назорат тадбирларини ўтказишда қўшимча ваколатлар берилди

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг давлат инспекторларига тезкор назорат тадбирларини Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан олдиндан келишмасдан, ўтказилган текширув ҳақида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали текширув бошланган пайтдан бошлаб 24 соат ичида Вакилни мажбурий равишда хабардор қилган ҳолда амалга ошириш ваколати тақдим этилади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение