23-Avgust, 2024-yil

Андижонда тадбиркорнинг биноси тақиқдан чиқарилди

Жалақудуқ туманида фаолият юритувчи нодавлат таълим муассасаси раҳбари фойдаланиб келаётган бинони тақиқдан чиқаришда амалий ёрдам сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

 Аниқланишича, Жалақудуқ туман ҳокимининг 2018 йилдаги қарорига биноан, туман Халқ таълими бўлимига қарашли мактаб бино-иншоотлари ва ер майдонлари тадбиркорга нодавлат таълим муассасаси ташкил этиш учун ажратилган.

 Бироқ Андижон вилоят Солиқ бошқармаси қарорига асосан, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан солиқ қарзи ундириш ҳамда Хўжаобод туманлараро иқтисодий судининг ижро варақасига асосан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ фойдасига қарз ундириш белгиланган.

 Шу сабабли Мажбурий ижро бюроси Жалақудуқ туман бўлими ҳамда солиқ органи томонидан Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг мулкларига тақиқ қўйилгани маълум бўлди.

 Тақиқлар мавжудлиги сабабли, “E-IJRO AUKSION” (аввалги “Uzkad”) дастури орқали мулкдорни ўзгартириш имкони мавжуд эмаслигича қолаётган эди.

 Вакил девони ходимларининг аралашуви билан кўчмас мулк Жалақудуқ туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига тегишли бўлмаганлиги сабабли бинога қўйилган тақиқ бекор қилиниши таъминланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение