21-Avgust, 2024-yil

БМТ махсус маърузачиси Ўзбекистондаги Омбудсман институтлари фаолияти билан танишди

Давлат раҳбарининг топшириғига биноан жорий йилнинг 19-30 август кунлари БМТнинг Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачиси Б.Раджагопалнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида учрашувлар ўтказилди.

 

Жумладан, 20 август куни махсус маърузачининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман, Бизнес-омбудсман ҳамда Болалар Омбудсмани институти вакиллари билан алоҳида учрашуви ўтказилди. Учрашувда мазкур институтларнинг фаолияти билан танишилди, аҳолини муносиб уй-жой билан таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш соҳасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

 

Учрашувда Бизнес-омбудсман ўринбосари Ж.Урунов иштирок этиб, Бизнес-омбудсман институти томонидан тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш, бино ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини белгилаш ва ижара масалаларига оид низоларни ҳал этиш бўйича амалга оширилган ишлари юзасидан маълумот берди.

 

Хусусан, юқоридаги масалаларга оид мурожаатларни кўриб чиқиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш, қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тайёрлаш, шунингдек, қонунчилик нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилишини ўрганиш йўналишида маълумот тақдим этилди.

 

Шу билан бирга, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида шаҳарларни ободонлаштириш, инфратузилмани янгилаш, аҳолига қулай яшаш шароитларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларга қисқача тўхталиб ўтилди.

 

Муҳокамалар якунида БМТнинг Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачиси Б.Раджагопал томонидан барча иштирок этган Омбудсман институтлари вакилларига миннатдорчилик билдирилиб, институтлар томонидан белгиланган вазифалар ижроси сифатли бажарилиши, тизимни доимий равишда такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилаётганлиги алоҳида эътироф этилди.

 

Шу билан бирга, Омбудсман институтлари фаолияти бўйича статистик маълумотларни батафсил фоиз кўринишида тақдим этиш, шунингдек, хусусий қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан фаолиятларида инсон ҳуқуқларига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилиши бўйича тавсиялар берилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение