Сўнгги йилларда анъанага айланган бу мулоқот соҳадаги тизимли муаммоларни ҳал этиши, таклифлар муҳокама қилиниши ва янги қулайликлар яратиши билан ишбилармонлар кутадиган тадбирга айланди.
Бу сафарги очиқ мулоқот йил мобайнида давом этди, дейиш мумкин. Президентдан бошлаб Бош вазир, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар, Савдо-саноат палатаси раҳбари, Бизнес омбудсман тадбиркор билан доимий мулоқотда бўлди.
Тасдиқланган режадан ташқари, тадбиркорлар кўтарган 700 дан ортиқ масала, ташаббус ва янги лойиҳалар қўллаб-қувватланди, 8 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ривожи, тадбиркорлик инфратузилмаси учун яна 18 триллион сўм йўналтирилди. Энг муҳими, маҳалладаги кичик лойиҳадан тортиб, мега лойиҳагача қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилди.
Илгари кредит, бозор топиш, инфратузилма билан боғлиқ муаммолар, тинимсиз “текшир-текширлар” сабабли 60 фоиз янги тадбиркорлар фаолияти биринчи йилнинг ўзидаёқ тўхтаб қолар эди. Бугунга келиб, уч йилдан ортиқ ишлаётган корхоналар улуши 76 фоизни ташкил этиб, илк бор 300 мингтага етган. Яна 100 мингдан зиёд шундай якка тартибдаги тадбиркорлар бор.
Бу йилнинг ўзида тадбиркорларнинг товар айланмаси ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 986 триллион сўмга етди. Йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта корхоналар 2 карра кўпайди. Айланмаси 100 миллиард сўмдан ортиқ йирик корхоналар эса 2 минг 200 тадан ошди. Бу ҳам – ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп бўлди.
Солиқ, банк, молия, бутун иқтисодиёт комплекси “маҳаллабай” ва “мижозбай” ишлаётгани натижасида олдин зарар билан ишлаган 16 минг корхона ярим йилда 6,5 триллион сўм фойдага чиқди.
Бугунги кунда 100 тадан ортиқ ишчиси бор корхоналар 3 мингга яқинлашиб, улардаги иш ўрни бир йилда 440 мингга кўпайди. Хусусий секторда 5 миллион сўмдан кўп маош оладиган ишчилар 1 миллиондан ошди. Шундан 370 минги 10 миллион сўмдан зиёд ойлик олади. Булар тадбиркорлар “соядан чиқиб”, қонуний фаолият, соғлом рақобат йўлига ўтаётганидан далолат беради.
Яна бир мисол. Тадбиркорлик рейтингида “А” ва “Б” – яхши тоифага кирувчи корхоналар 91 мингга кўпайган, яна 170 минг корхона энг паст – “Д” тоифадан чиқарилган. Бунинг ҳисобига, солиқ текширувлари ўтган йилга нисбатан 2 карра қисқарган. Лекин шу даврда йирик солиқ тўловчилар тушумлари 10 фоизга, вилоят даражасидаги корхоналарда 25 фоизга, туман тадбиркорлари тўлаётган солиқлар 40 фоизга ўсган. Бу солиқчиларнинг иш услуби ўзгараётгани, бизнес қилиш эркинлашгани натижасидир.
Қўшни давлатлар билан алоқалар мисли кўрилмаган даражага чиқди. Ўзбекистон маҳаллий корхоналар учун ҳам, чет эл компаниялари учун ҳам катта бозорга, минтақадаги саноат хабига айланиб улгурди.
Яқинда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошди. Жорий йил олти ойда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 карра ўсиб, 14 миллиард долларга етди. Бундай рақамлар 33 йиллик тарихимизда бўлмаган.
– Буларнинг барчаси саккиз йил олдин ўзаро ишонч асосида бошлаган ислоҳотларимиз, тадбиркорлар билан елкама-елка туриб, доим мулоқотда бўлиб ишлаганимиз натижаси. Ҳали имкониятларимиз бундан карра-карра кўп. Энг муҳими, уларни ишга солишга қодир бўлган сиздек ватанпарвар ва жонкуяр тадбиркорларимиз бор, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари бешта йўналишда янги ташаббусларни айтиб ўтди.
Биринчи йўналиш – кичик ва ўрта бизнес учун молиявий ресурсларни кўпайтириш.
Аввало, энди кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашда барча банклар ва микромолия ташкилотлари иштирок этиши мумкин бўлади. Микрокредитлар миқдори 3 карра оширилиб, 300 миллион сўмга етказилади. Бунда, кредитнинг 100 миллион сўмгача бўлган қисмига гаров талаб қилинмайди.
Иккинчидан, микромолия хизматларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш давом эттирилади. Уларга жорий йилдаги 1,6 триллион сўмга қўшимча 1 триллион сўм ресурс ажратилади.
Бундан ташқари, Микрокредитбанк ҳам ўзининг микромолия ташкилотлари орқали йил якунигача яна 1 триллион сўм жалб қилади. Устав капитали камида 50 миллиард сўм бўлган микромолия банклари ташкил этиш мумкин бўлади.
Шунингдек, микромолия ташкилотлари учун қўшимча имкониятлар яратилиб, тадбиркорларга хорижий валютада хизмат кўрсатиш ва лицензия асосида тўлов ташкилоти сифатида фаолият юритишга рухсат берилади.
Учинчидан, Ўзбекистон Президентининг шу йил 12 августдаги фармонига мувофиқ, факторинг ташкилоти учун кенг йўл очилди. Энди улар хорижий валютада ҳам хизмат кўрсатади. Бу бўйича электрон платформа ишга туширилиб, унда тадбиркорлар ўзига қулай молиявий маҳсулотни танлаш имкониятига эга бўлади.
Умуман, факторингни оммалаштириш ҳисобидан тадбиркорларга айланма учун 20 триллион сўм, экспортчи корхоналарга 1 миллиард доллар қўшимча молиявий ресурслар пайдо бўлади.
Тўртинчидан, ислом молиясига доир қонун ишлаб чиқилади. Бу янги молиявий хизматлар тақдим этилиши, кўп инвесторлар кириб келиши ва 5 миллиард долларлик қўшимча ресурс пайдо бўлишига туртки беради.
Бешинчидан, давлат жалб қилган маблағларни йирик корхоналарга бериш амалиётидан босқичма-босқич воз кечилади. Бундай маблағларни бериш икки йил ичида камида 40 фоизга қисқаради. Банклар буни ҳисобидан камида 30 триллион сўмни хусусий бизнесга йўналтиради.
Иккинчи йўналиш – бизнесни инфратузилма, ер ва энергия билан таъминлаш.
Очиқ мулоқот доирасида келиб тушган 2 мингта мурожаат ер ва инфратузилма билан боғлиқ. Янги инвестиция лойиҳаларида ер сотиб олиш харажатлари кескин ошаяпти.
Шу боис энди тадбиркор аукциондан ер сотиб олганда, унга қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаш бекор қилинади. Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида сотилган ер бўйича харид суммасини уч йилгача, қолган ҳудудларда беш йилгача, 4 ва 5-тоифа туманлар учун эса, ўн йилгача бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Иккинчидан, энди янги ерларни ажратишда биноларни лойиҳалашдан объектни топширишгача бўлган муддатлар мажбурий кўрсатилади.
Учинчидан, ҳар бир ер участкаси учун асосий фаолият турини қайсиларига алмаштириш мумкинлиги, қандай ёрдамчи иншоотларни жойлаштира олиши аниқ белгилаб берилади. Бунинг учун 1 январдан ер участкалари ва капитал қурилиш объектларининг ягона классификатори жорий этилади.
Тўртинчидан, саноат корхоналарига электр ва табиий газ бўйича чекловлар қисқартирилади. Яъни, электр ва газ истеъмоли лимитдан 20 фоизгача ошиб кетса ҳам, базавий тариф сақланиб қолади. Агар истеъмол 20 фоиздан ўтиб кетса, ошган қисмига тўлов 20 фоиз қимматлашади. Шунингдек, энди “инкассо” бўлганда ҳам, коммунал хизматларга тўловлар тўхтатилмайди.
Учинчи йўналиш – ички бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш, ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш.
Шу мақсадда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни давом эттирилиб, рақобат ривожлантирилади. Бу борада металлургия, кимё, энергетика ва телекоммуникация тармоғида эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди.
Энди корпоратив харидларда ишлаб чиқариш учун олинадиган маҳсулотларга ҳам нарх устуворлиги бекор қилинади. Бундан буён, ҳеч кимда алоҳида ҳуқуқ бўлмайди, хоҳ давлат стратегик корхонаси бўлсин, хоҳ хусусий корхона ёки хорижий инвестор бўлсин, иқтисодиётда барча тенг шароитда ишлайди.
Иккинчидан, тармоқларни ривожлантиришга берилган маблағдан 200 миллион доллари экспортолди молиялаш учун йўналтирилади. Шундан, 50 миллион доллари банк кредитлари учун кафилликка берилади. Бу маблағлар ҳисобидан бир йил ичида қўшимча 1 миллиард доллар экспорт бўлади.
Учинчидан, юк ташиш бўйича “Е-логистика” платформаси ишга туширилиб, экспортчилар учун қайси корхонада қанча рухсатнома борлигини кўриш, тўғридан-тўғри шартнома тузиш имкони яратилади.
Тўртинчидан, энди четдан ускуна ва бутловчи қисм олиб келишда, шартнома муддати бузилмаса, муддати ўтган қарздорлик бўлмайди.
Бундан буён, божхона органининг экспортни тасдиқловчи электрон маълумоти қўшилган қиймат солиғини қайтариш учун асос бўлади, бошқа ортиқча ҳужжатлар талаб этилмайди.
Бешинчидан, чет элда бизнес қилиб, катта тажриба орттирган ватандошларимиз билан экспортчи корхоналар ҳамкорлиги кенгайтирилади.
Олтинчидан, давлат харидида маҳаллий маҳсулот улушини ошириш рағбатлантирилади. Жумладан, энергетика, нефтгаз, кимё, металлургия, темир йўл каби тармоқлардаги йирик корхоналар 2-3 йиллик буюртмаларини кооперация порталига олдиндан жойлаштиради. Маҳаллий корхоналар эса, ушбу буюртмалар асосида янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Уларнинг лойиҳаларига дастлабки босқичда 100 миллион доллар йўналтирилади.
Еттинчидан, ҳудудий электр тармоқлари бошқарувига хусусий сектор жалб этилади. Хусусан, октябрда Самарқанд вилоятидаги электр тармоқларига хусусий оператор жалб қилиш бўйича тендер эълон қилинади. Келгуси йил Жиззах ва Сирдарёда ҳам худди шундай ишлар амалга оширилади.
Саккизинчидан, йил якунигача яна 300 та кон ва майдонлар тадбиркорларга таклиф қилинади. Қурилишда қум-шағалга эҳтиёжни қоплаш мақсадида 110 миллион куб метр захирали 172 та кон ҳам тадбиркорлик учун ажратилади.
Тўртинчи йўналиш – хизматлар соҳасига янги туртки бериш.
Ўзбекистонда банд аҳолининг 52 фоизи хизматлар соҳасида ишлаяпти. Энди барча жабҳада сунъий интеллект технологиялари кенг жорий қилинади. IT-паркда сунъий интеллект маркази очилади. Лойиҳаларни молиялаштириш учун 50 миллион доллар ажратилади.
Иккинчидан, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш экотизими яратилади. Бунинг учун венчур жамғармалар фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек, стартап хориждан олиб келган ҳар 1 доллар инвестициясига давлат ҳам 1 доллар ресурс беради. Стартап ишланмаларини патентлаш ва савдо белгиларини рўйхатдан ўтказиш каби харажатларни давлат қоплаб беради.
Учинчидан, хизматларни маҳаллийлаштириш мақсадида бир йил ичида 3 минг мутахассис Германия, Япония, Жанубий Корея, Хитой ва Туркиядаги ишлаб чиқарувчи компанияларга малака оширишга юборилади. Йирик корхоналарга сервис кўрсатишда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш дастури ишлаб чиқилади.
Тўртинчидан, 1 январдан умумий овқатланиш корхоналарига қўшилган қиймат солиғининг бир қисми тадбиркорга “кэшбек” сифатида қайтариб берилади. Бундай солиқ тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди.
Бундан ташқари, 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди. Ресторан ва кафелар ишчилар билан қисқа муддатли, соддалашган меҳнат шартномасини тузиб, ишлаши мумкин бўлади.
Бешинчидан, энди 1 октябрдан, худди Тадбиркорлик рейтинги каби, “Шаффоф қурилиш” тизимини тадбиркорларнинг ўзи юритади. Консалтинг марказлари функциялари тўлиқ хусусий секторга ўтказилади.
Бешинчи йўналиш – бизнес учун тўсиқ ва ғовларни янада қисқартириш.
Биринчидан, тадбиркорлик учун тўсиқларни бартараф этиш мақсадида аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқий хавф солувчи мезонлар реестри ишлаб чиқилади. Унда йўқ мезон бўйича тадбиркор фаолиятини тўхтатган мансабдор жавобгарликка тортилади.
Иккинчидан, тадбиркорларни жиноий жавобгарликка тортиш янада либераллашади.
Учинчидан, энди кредит қайтмаса, гаровдаги мулкни савдога чиқаришдан олдин, унинг ҳозирги бозор қиймати аниқланади. Қайтмаган қарздорлик гаров қийматининг 15 фоизидан кам бўлса, ундирув мулкка қаратилмайди. Банк мижозига қарзни бошқа манба ҳисобидан қоплашга имкон беради.
Тўртинчидан, энди ер савдосидан тушган маблағлар аввало, бино бузилиши бўйича тадбиркорлардан қарзни сўндиришга қаратилади.
Президент бу йилги очиқ мулоқот айнан Қорақалпоғистонда ўтказилаётганига эътибор қаратиб, бу ерда тадбиркорлик қилиш афзаллигини айтди. Хусусан, Қорақалпоғистонда бизнес учун бирорта ҳудудда йўқ 50 дан ортиқ имтиёзлар берилган. Қорақалпоғистонда ер ажратишни содда тизими жорий этилган. Бу ҳудуд катта бозорларга чиқиш учун ҳам қулай.
Ушбу имкониятларни самарали ишга солиш мақсадида “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” дастури қабул қилиниши таъкидланди.
Тадбир очиқ мулоқот тарзида давом этди. Марказий ва ҳудудий студиялардан қатнашган тадбиркорлар, чет элларда ўз бизнесини очган ватандошларимиз ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Муаммолар муҳокама қилиниб, таклифлар қўллаб-қувватланди.