19-Avgust, 2024-yil

Икки нафар тадбиркор фойдасига салкам 1,2 млрд сўм ундириш тўғрисида қарор чиқарилди

Қашқадарё вилоятида фаолият юритувчи “Обод маскан” МЧЖ ва “Шифо дармон” МЧЖлар (номлари ўзгартирилган) дебитор қарздорликни ундиришда амалий ёрдам сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилдилар.

 Аниқланишича, “Обод маскан” МЧЖ ва Қарши туманида 2-сон касб-ҳунар мактаби ўртасида мактаб биносини жорий таъмирлаш ишларини бажариш тўғрисида умумий қиймати 993 млн сўмлик пудрат шартномаси имзоланган. Шартномада белгиланган мажбуриятлар МЧЖ томонидан тўлиқ бажарилган бўлса-да, касб-ҳунар мактаби томонидан тўлов амалга оширилмаган.

 Иккинчи ҳолатда эса “Шифо дармон” МЧЖ ва Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмаси ўртасида шартнома тузилган. Шартномага асосан, МЧЖ дори-дармон ва тиббиёт маҳсулотлари билан таъминлаш, тиббиёт бирлашмаси эса олган маҳсулот қийматини МЧЖ ҳисоб-рақамига келишилган муддатда ўтказиб бериш мажбуриятини олган. МЧЖ томонидан дори-дармон ва тиббиёт маҳсулотлари ўз вақтида таъминлаб берилган бўлса-да, бирлашма томонидан мавжуд тўловлар амалга оширилмаган. Хусусан, тарафлар ўртасида тузилган солиштирма далолатномада бирлашманинг МЧЖ олдидаги қарздорлиги 202 млн сўмни ташкил қилиши қайд этилган.

 Фуқаролик кодексининг 236-моддасига мувофиқ, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса — иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

 Шу сабабли, Бизнес-омбудсман томонидан жавобгарлардан “Обод маскан” МЧЖ фойдасига 993 млн сўм, “Шифо дармон” МЧЖ фойдасига 202 млн сўм ундириш тўғрисида Қарши туманлараро иқтисодий судига даъво аризалари киритилди.

 Судда даъво талаблари асосли эканлиги қайд этилган ҳолда тўлиқ қаноатлантирилди ҳамда тадбиркорлар фойдасига тегишли суммалар ундирилиши белгиланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение