12-Avgust, 2024-yil

Видеоселектор йиғилиши: Бухоро вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш ва муқобил энергия манбаларини жорий этиш чора-тадбирлари

 Бугун, 12 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Бухоро вилоятига қилинган ташриф натижадорлигини ошириш, муқобил энергия манбаларини жорий этиш ҳамда саноат корхоналари учун жозибадор шароитларни яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Асосий масалага ўтишдан аввал Президент йил бошида яратилган аҳолини банд қилиш ва тадбиркорликни ривожлантиришнинг мутлақо янги тизими – Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибаларининг ижросини таҳлил қилди.

Бу борада яхши натижа кўрсатаётган туманлар кўп. Лекин айрим туман ҳокимлари, иқтисодий комплекс раҳбарлари бу ислоҳотларни тўлиқ тушуниб етмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Уйчи тажрибаси асосида республика бўйича 500 мингта янги иш ўринлари яратилди. Лекин, 15 та туман ва шаҳар режаси 90 фоизга етмаган.

Ёки, Сайхунобод тажрибаси асосида ҳар бир маҳаллада 10 тадан микролойиҳа қилиш зарур. Бу орқали республикада жами 132 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, 242 мингта янги иш ўринлари яратилди. Бироқ 26 та тумандаги 46 та маҳаллада номигагина 1-2 та микролойиҳа қилингани танқид қилинди.

Бир ой олдин Ғиждувон тажрибаси асосида туман ҳокимларига 1 мингта маҳаллани ўзида “тепага ўсадиган” (вертикал) саноат бинолари ташкил қилиш топширилган эди. Лекин, бирорта туман ҳокими ҳисоб-китоб қилиб, нечта лойиҳа қилиши ва қанча иш ўрни яратиши бўйича режасини тасдиқлагани йўқ.

Зарбдор тажрибаси бўйича раҳбарлар ижро муддати 1 октябрь, деб хотиржам юрганига қатъий эътироз билдирилди.

Мутасаддилар ушбу 4 та туман тажрибаси бўйича сусткашликка йўл қўйган барча раҳбарларга чора қаттиқ бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.

Сайхунобод ва Уйчи тажрибаларида камчиликларга йўл қўйган масъулларга жавобгарлик чораларини кўриш, қолоқликларни бартараф этиш топширилди.

Зарбдор тажрибаси асосида ҳар бир туман ва шаҳарда камида 5 тадан “драйвер” лойиҳани шакллантириш, Ғиждувон тажрибаси асосида 1 мингта маҳаллани ўзида “тепага ўсадиган” (вертикал) саноат бинолари лойиҳаларини тайёрлаб, йил якунигача ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Умуман, тажрибаларнинг ҳар бири бўйича масъулларга аниқ KPI белгиланиб, ижроси устидан қатъий сўров ўрнатилиши белгиланди.

Кун тартибидаги асосий масалалар – Бухоро вилояти мисолида тадбиркорларга кўпроқ шароит яратиш, ҳар бир туманни ихтисослаштириш, энергиядан оқилона фойдаланиш, яшил манбаларни кўпайтириш, туман идораларини самарали ишлашга ўргатиш кўриб чиқилди.

Икки ой олдин Бухорога ташрифда ҳамма муаммолар ечими кўрсатиб берилган эди. Ташрифдан кейин вилоятга 1,4 триллион сўм ажратилди. Бугун Президент томонидан имзоланган қарорларга мувофиқ вилоятга тадбиркорлик учун қўшимча 60 миллион доллар, инфратузилмага 40 миллион доллар ажратилади.

Вилоят ҳокими, уни ўринбосарлари, туман ҳокимлари шунга муносиб ишлаб, жойлардаги ташкилотлар олдига аниқ вазифа, ходимларига KPI белгилаб, ҳар куни аниқ натижага ишлаши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Келгусида ҳар битта тармоқ ва вилоятдаги ҳақиқий аҳвол шундай таҳлил қилиниб, муҳокама ўтказилиши белгиланди.

Бухорода энг асосий масала – хизматларни ривожлантириш экани таъкидланди.

Қайд этилганидек, соҳани ривожлантириш муҳандислик ва фармацевтикада 23 фоиз, электротехникада 30 фоиз ўсишни таъминлайди.

Бухорода 584 та меҳмон уйлари, 122 та умумий овқатланиш, 18,5 мингта савдо, 30 та саломатлик ва фитнес марказлари бор. Лекин ҳар минг кишига ошхона ва ресторанлар сони Самарқанддан 10 карра кам.

Шофиркон аҳолиси 200 мингга яқинлашиб, вилоятда учинчи ўринга чиқди. Шундай бўлса-да, туман хизмат кўрсатиш бўйича вилоятда энг охирги ўринда.

Вобкент, Ромитан, Жондор туманларида олиб борилаётган намунали ишларни қайд этиб, Президент бошқа туманларда ташаббускорлик кўринмаётгани, марказий кўчалар ва массивларга янги қиёфа олиб кириш сустлиги бўйича қатъий эътироз билдирди.

Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мақсадида вилоятдаги 62 та массив ва 54 та кўчани ривожлантириш чора-тадбирлари тасдиқланди.

Бу кўчалар овқатланиш, саломатлик, меҳмонхона, ҳунармандчилик, савдо ва хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилади, уларда 4 минг нафар тадбиркор учун шароит яратилади ва 6 минг аҳоли бандлиги таъминланади. Уларда камида 5 та халқаро меҳмонхона ҳамда овқатланиш тармоқларини жойлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, Президент саноат зоналарида ер ажратишни енгиллаштириш, бунга хизмат кўрсатишни ҳам қўшиш таклифини қўллаб-қувватлади. Ҳар бир тумандан саноат ва хизмат кўрсатишга 20 гектардан ерларни белгилаб, лойиҳаларни амалга оширишга кўрсатма берилди.

Бундан буён қурилган хизмат кўрсатиш жойларини сотиб олиш учун алоҳида кредит тури йўлга қўйилади. Мутасаддиларга “хизмат ипотекаси”ни жорий қилиб, кредит ажратишни бошлаш топширилди.

Бухорода 900 миллион киловатт электр ва 400 миллион куб метр газни иқтисод қилиш имкони борлиги қайд этилди. Бу умумий истеъмолнинг 20 фоизига тенг.

Йирик корхоналарда ускуналарни янгилаш ва аудит ўтказиш орқали 25 фоизигача электр ва газни иқтисод қилиш мумкин.

Бухорода 200 минг кўчмас мулк объектида камида 3 киловаттли қуёш панели ўрнатиб, 600 мегаватт қувват яратиш мумкин. Бу билан вилоят электр истеъмолининг яна 20 фоизи иқтисод бўлади.

Лекин, ҳозиргача 2 минг хонадон ва 750 та тадбиркор панеллар ўрнатган бўлса-да, тармоққа берилган электр учун бор-йўғи 292 тасига пули тўлангани танқид қилинди. Оқибатда панель ўрнатганлар рағбат сезмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга хонадон, маҳалла, панель ўрнатувчини бир-бирига боғлаб, аҳолига тушунтириш, панель қўйганларга тўловларни ўз вақтида тушириш ишларини ташкил қилиб, йил якунигача кескин ўзгариш қилиш топширилди.

Муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида Президент қатор топшириқлар берди.

Иқтисодий комплекс раҳбариятига аҳоли ва тадбиркорларга энергия тежамкор ускуналар ҳамда қуёш панелларини сотиб олиш имкониятларини кенгайтириш топширилди.

Солиқ қўмитасига қуёш панели ўрнатгани учун ер ва мулк солиғи имтиёзини қўллашдаги чекловни олиб ташлаш вазифаси қўйилди.

Суюлтирилган газни аҳолига хусусий секторни кенг жалб қилган ҳолда етказиб бериш масаласини ўрганиб, тегишли таклифлар киритишга кўрсатма берилди.

Бухорода ҳар бир туманни саноат тармоқларига ихтисослаштириш зарурлиги қайд этилди.

Вилоятда 3 та йирик газ-кимё лойиҳаси, 10 та қуёш ва шамол станцияси қурилаяпти. Уларга 1 миллиард долларлик эҳтиёт қисмлар керак бўлади.

Бу эҳтиёжни қондиришни ўйлаш ўрнига, вилоятда бир хил маҳсулот ишлаб чиқарилиб, янгисини яратиш ва инновация олиб келиш устида ишланмаётгани қайд этилди.

Вилоятда 1,5 миллион тонна мева-сабзавот тайёрланади. Бу – Бухоро эҳтиёжидан 2 баробар кўп. Лекин, уларни атиги 11 фоизи қайта ишланади, 30 фоизи ташишда исроф бўлади. Вилоятнинг 4 та кичик агрологистика маркази қуввати 66 минг тонна маҳсулотни қайта ишлашга етади, холос.

Мутасаддиларга ушбу захираларни ҳисобга олиб ҳар бир туманни ихтисослаштиришга қаратилган дастур тайёрлаш топширилди.

Бухоро пахтаси ташқи бозорда энг харидоргир. Хитойдан жалб қилинган олимлар билимидан фойдаланиб, келгуси йилда 50 фоиз майдонда ҳосилдор пахта ва ғалла етиштиришга ҳозирдан тайёргарлик қилиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда айтилган муаммоларнинг сабаби ҳам, ечими ҳам профессионал кадрлар тайёрлаш билан бевосита боғлиқ, деди давлатимиз раҳбари.

Касбга ўқитиш меҳнат бозоридаги талаб ва ёшлар қизиқишини ҳисобга олмасдан, мавжуд ўқитувчилар доирасида амалга оширилаётгани кўрсатиб ўтилди. Ёшларнинг атиги 2 фоизи дуал таълим шаклида ўқитилади, вилоятдаги 30 минг корхонадан 350 таси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган, холос. Натижада қуввати 28 минг ўқувчи бўлган коллеж ва техникумларга қабул 50 фоизга етмайди.

Шу муносабат билан қувватидан тўлиқ фойдаланмаётган ўқув бинолари ва хоналари тадбиркорларга тўғридан-тўғри ижарага берилиши белгиланди. Тушган маблағлар биноларни таъмирлаш ва ускуналар харид қилишга сарфланади. Ягона шарт – бу ерда ёшларни касбга ўқитиб, ишли қилиш.

 Мутасаддиларга бу имкониятдан фойдаланиб, бу йил 30 та коллеж ва техникумда хусусий ўқув курсларини бошлаш топширилди.

Мактаб, коллеж, техникум ва олийгоҳларда ёшлар ишлаб чиқараётган товарларни давлат хариди платформаларида сотишдаги чекловни олиб ташлаш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда туман ташкилотларида самарали фаолият йўлга қўйилмагани туман даражасида ишни яхши юритишга энг катта тўсиқ бўлаётгани қайд этилди.

Жумладан KPI белгиланмаган, рақамлаштириш чала, янгиликларга ўқитиш йўқ.

Йирик корхоналарни солиққа тортиш Солиқ қўмитаси томонидан юритилгани билан уларнинг айрим тўловлари маҳаллий бюджетга тушади. Лекин, йирик корхоналар солиқ прогнозини бажармагани учун маҳаллий бюджет қўшимча даромадларсиз қолиб кетаяпти. Шу муносабат Солиқ қўмитасига йирик корхоналарнинг маҳаллий бюджетга тўловларини ҳисобга олиш тартибини жорий қилиш топширилди.

Барча вазирлар ўз тизимида методология, регламент ва рақамлаштиришни йил якунигача тартибга келтириши зарурлиги тўғрисида огоҳлантирилди. Вазирлар Маҳкамаси 1 октябргача ҳар бир вазирликнинг тумандаги ташкилотларида методология, регламент ва рақамлаштириш бўйича ҳисоботини қабул қилиб олиши белгиланди.

Йиғилиш якунида мутасаддиларнинг ахбороти тингланди.

 

 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение