12-Avgust, 2024-yil

Санитария органи ходимлари жавобгарликка тортилди

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 426-сон қарори билан тасдиқланган “Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тўғрисида”ги Низомнинг 18-бандига кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати электрон сўров олганидан сўнг уч иш куни мобайнида белгиланган тартибда ўрганишларни ўтказиб, оилавий МТТни жойлаштириш учун танланган манзилда фаолиятни амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги ҳақидаги хулосаларни электрон кўринишда НМТТБАТ (нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари боғча ахборот тизимига)га киритиши белгиланган.

Бироқ, Наманган вилоятида санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг туман (шаҳар) бўлимларида юқоридаги Низом талаблари бажарилмаган. Тадбиркорларнинг мурожаатлари ўз муддатларида кўриб чиқилмаган.

Тадбиркорларнинг 45 та мурожаатини кўриб чиқишда қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги учун 13 та туман (шаҳар) Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари (Косонсой, Наманган, Давлатобод, Норин, Поп, Уйчи, Учқўрғон, Чуст, Янгиқўрғон, Мингбулоқ, Тўрақўрғон, Чортоқ туманлари ва Наманган шаҳар) мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Мисол учун, Поп туманида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор Э.Н.нинг 18.06.2024 йилдаги оилавий МТТ фаолиятини ташкил этиш ҳақидаги мурожаати туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими томонидан кўриб чиқилмаган ва тегишли хулоса тақдим этилмаган.

Шу каби камчиликларга йўл қўйган санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Наманган вилоят бошқармасининг туман (шаҳар) бўлимларининг 11 нафар мансабдор шахсларига маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение