30-Iyul, 2024-yil

2024 йил 1 августдан нималар ўзгаради?

2024 йил 1 августдан кучга кирадиган қонунчилигимиздаги тадбиркорликка оид асосий ўзгаришлар нималардан иборат?

 

Кластер таъсисчиларининг шахсий кафиллиги расмийлаштирилади

2024 йил 1 августдан бошлаб Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси кредит ресурслари ҳисобидан тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича кластерлар таъсисчиларининг шахсий кафиллиги қўшимча равишда расмийлаштирилади.

 

Саноат зоналари иштирокчиларининг инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлари қабул қилиш тартиби соддалаштирилади

2024 йил 1 августдан бошлаб кичик саноат зоналари иштирокчилари, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ёш тадбиркорлик субъектларининг инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлари бажарилганлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги Кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекциялар томонидан мажбуриятларни бажариш муддати тугагандан сўнг уч ой ичида қабул қилинади, амалга ошириш муддати 2024 йил 1 августга қадар тугаган лойиҳалар бундан мустасно.


Тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади

2024 йил 1 августдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш учун барча турдаги тиббиёт муассасаларида ҳосил бўладиган тиббиёт чиқиндилари тўлиқ ҳажмда «Sayar green» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонага топширилади.

 

Мастер-режа ҳудудидаги ер участкалари аукцион савдоларига чиқарилади

2024 йил 1 августдан бошлаб жорий йил якунига қадар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги билан биргаликда мастер-режаларга мувофиқ замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва сервис объектларини, жумладан жойлаштириш воситалари, турар жойлар, савдо-кўнгилочар марказларини ташкил қилиш учун мастер-режа ҳудудидаги ер участкаларини аукцион савдоларига чиқариш чоралари кўрилади.

 

Сайхунобод туманида ер ва мол-мулк солиқларининг 10 фоизи маҳалла бюджетига йўналтирилади

2024 йил 1 августдан 2025 йил 1 августга қадар Сайхунобод туманида, ҳуқуқий эксперимент тариқасида юридик шахслардан олинадиган ер ва мол-мулк солиқларининг 10 фоизи «маҳалла еттилиги» ўз ҳудудида тадбиркорликни субъектлари томонидан яратилган янги иш ўринларига расмийлаштирилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қўшимча тушган 50 фоизи маҳалла бюджетига йўналтирилади.

 

Давлат активларини сотиш ва ижарага беришда янги тартиб жорий этилади

2024 йил 1 августдан бошлаб бошланғич нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача бўлган давлат активларини, ер участкаларини ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарнинг мулкларини сотиш ва ижарага бериш бўйича ўтказиладиган электрон онлайн-аукцион савдолари жараёнида, иштирокчилар томонидан учинчи қадамдан бошлаб шахсий ҳисобварағида камида уларнинг нарх таклифига нисбатан амалдаги закалат миқдоридаги суммага эга бўлиш тартиби киритилади. Бунда, ушбу маблағлар закалат сифатида ҳисобга олинади.

 

Металл идишдаги сув ва салқин ичимликлар рақамли маркировкаланади

2024 йил 1 августдан металл, шу жумладан, алюмин идишдаги сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалаш бошланади.

 

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи оширилади ва қўшимча компенсациялар берилади

2024 йил 1 августдан бошлаб Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари томонидан ёлланган тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчиларига 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотларида ушбу ходимлар учун белгиланган миқдорларда иш ҳақи тўлаш;

2024 йил 1 августдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг 1 ва 2-тоифадаги туман (шаҳар)ларида фаолият юритаётган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларга:

улар томонидан ёлланган тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчиларига 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотларида ушбу ходимлар учун белгиланган иш ҳақининг 75 фоизи миқдорида ҳақ тўлаш;

уларда таълим олаётган ҳар бир болани давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган нормативлар бўйича овқатлантириш, юмшоқ жиҳозлар (матраслар, ёстиқлар, кўрпалар, чойшаблар, кўрпа ва ёстиқ жилдлари, ёпинғичлар, қоп-кўрпа) ҳамда дори-дармонлар билан таъминлаш харажатларининг 75 фоизини қоплаш;

2024 йил 1 августдан 2025 йил 1 январга қадар 3-тоифадаги туман (шаҳар)ларда фаолият юритаётган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларга:

улар томонидан ёлланган тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчиларига 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотларида ушбу ходимлар учун белгиланган иш ҳақининг 90 фоизи миқдорида ҳақ тўлаш;

уларда таълим олаётган ҳар бир болани давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган нормативлар бўйича овқатлантириш, юмшоқ жиҳозлар (матраслар, ёстиқлар, кўрпалар, чойшаблар, кўрпа ва ёстиқ жилдлари, ёпинғичлар, қоп-кўрпа) ҳамда дори-дармонлар билан таъминлаш харажатларининг 90 фоизини қоплаш белгиланган.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение