23-Iyul, 2024-yil

Президент Фармони билан туризм соҳасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланди

“Ўзбекистон Республикасида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-102-сон, 18.07.2024 й.) қабул қилинди.


Фармонга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан кириш туризми фаолиятини амалга оширувчи резидент бўлган туроператорларни хорижий мамлакатлардан республикага туристларни олиб келишда айланма маблағ билан таъминлаш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан республика тижорат банклари орқали миллий валютада йиллик 14 фоиз ставкада кредит линияси очилади.

 

белгиланган йиллик фоиз ставкаси таркибида банк маржаси 3 фоиздан ошмаган миқдорда ўрнатилади;

кредит маблағлари туроператорларга 2 йиллик имтиёзли давр (фоиз ва асосий қарздан) билан 10 йил муддатга ажратилади;

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан тижорат банкларига ресурслар 3 йиллик имтиёзли давр билан 12 йил муддатга ажратилади.

 

Фармонга кўра, 2025 йил 1 августгача Қорақалпоғистон Республикасида рўйхатга олиниб, лицензияга эга бўлган туроператорларга, истисно тариқасида, экстремал турларни ташкил қилиш учун двигатель ҳажми 2,4 литрдан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга транспорт воситалари импорт қилинаётганда божхона божи ва утилизация йиғимини амалдаги ставканинг 25 фоизи миқдорида 3 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади.

 

2025 йил 1 августгача туризм соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобус ва микроавтобуслар божхона божидан озод этилади.

 

Туризм қўмитаси томонидан рўйхати шакллантириладиган халқаро туризм ярмаркалари ва кўргазмаларида туризм соҳасидаги тадбиркорлар, ҳунармандлар, маданият ва санъат вакиллари иштирок этади.

2025 йил 1 январдан:

халқаро туризм ярмарка ва кўргазмалари учун ҳокимликларнинг маҳаллий бюджетидан 1 миллиард сўмдан кам бўлмаган маблағлар ажратилади;

фаолият бошлаганига 3 йилдан кўп бўлмаган туроператорларнинг халқаро туризм ярмарка ва кўргазмаларидаги павильон ижараси харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади;

ҳунармандларнинг халқаро туризм ярмаркалари ва кўргазмаларидаги павильон ижараси, уларда намойиш этиладиган маҳсулотларини ташиш ва авиачипта харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистоннинг туризм маҳсулотини халқаро ва ички туризм бозорларида тарғиб қилиш, саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз мамлакат сифатидаги имижини янада мустаҳкамлашга қаратилган янги миллий туризм бренди (танитиш белгиси) яратилади.

 

Туризм қўмитаси:

 

2024 йил 1 октябргача янги миллий туризм брендини яратиш учун танлов ўтказади;

 

2024 йил Халқаро туризм куни доирасида биринчи глобал сайёҳлик медиакампусини ташкил қилади;

 

2024–2025 йилларда аудиторияси 10 миллиондан ортиқ бўлган 50 нафаргача хорижий журналист, блогер, влогер ва инфлюэнсерларни жалб қилади.

 

 2025 йил 1 январдан камида 100 нафар хорижий иштирокчиси бўлган 3 кундан кам бўлмаган бизнес тадбирларни Ўзбекистон ҳудудида ташкил қилган тадбиркорлар 2028 йил 1 январгача ушбу бизнес тадбирларни ташкил қилишдан олинган даромаддан олинган фойда солиғини ушбу солиқ бўйича белгиланган солиқ ставкасига нисбатан 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкаси бўйича тўлайди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение