15-Iyul, 2024-yil

Тадбиркорга 611 млн сўм молиявий жарима қўлланилмайдиган бўлди

Қашқадарё вилоятида фаолият юритувчи “МГС” (номи ўзгартирилган) МЧЖ ўзига нисбатан жарима қўллаш тўғрисида судга мурожаат қилинганидан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

 

Аниқланишича, тадбиркор 19.04.2024 йилда реализация қиладиган маҳсулотининг мувофиқлик сертификатини олган.

 

Шунга қарамай, орадан 3 кун ўтгач Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси тадбиркорлик субъектида текшириш ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқарган ва тегишли мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган даврда маҳсулот реализация қилинганлигини инобатга олган ҳолда, тадбиркорга умумий сумманинг 50 фоизи – 611 млн сўм миқдорда молиявий жарима қўллаш тўғрисида Қарши туманлараро иқтисодий судига ариза киритган.

 

“Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуннинг 46-моддасига кўра, белгиланган тартибда огоҳлантириш олганидан кейин техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликни давом эттирганлик ёки бартараф этмаганлик учун юридик шахсларга нисбатан жарима тарзидаги молиявий санкциялар қўлланилади, дейилган.

 

Бироқ тадбиркорга белгиланган тартибда қонун бузилишини бартараф этиш бўйича огоҳлантириш етиб келмаган.

 

Бундан ташқари, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 40-моддасига кўра, тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг текширувлар натижалари бўйича кўрсатмаларини бажарган, шунингдек етказилган зарарнинг ўрнини белгиланган муддатларда ва тўла ҳажмда ихтиёрий равишда қоплаган, шу жумладан, пеня тўлаган тақдирда, уларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилмайди.

 

Яъни мазкур ҳолатда тадбиркор реализация қиладиган маҳсулоти учун мувофиқлик сертификати олишга оид кўрсатмани бажариб, сертификатни олган.

 

Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан тадбиркорнинг ҳуқуқлари судда ҳимоя қилиниши натижасида суд инспекциянинг аризасини рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди ва тадбиркорга жарима қўлланилмайдиган бўлди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение