10-Iyul, 2024-yil

Қашқадарёлик тадбиркорлар учун хушхабар! Туризм объектлари учун бўш ер участкаларини олиш эндиликда янада жозибадор!

“Ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва бўш ер участкаларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори (ПҚ-245-сон, 08.07.2024 й.) қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.11.2023 йилдаги “Қашқадарё вилоятининг тоғли рекреацион ҳудудларида замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм обеъктларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-376-сон қарори 6-бандига асосан, Шаҳрисабз тумани ҳудудида хусусий инвестицияларни жалб қилган ҳолда 2024-2025 йилларда қўшимча меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, хизмат кўрсатиш мажмуалари ва дам олиш масканларини қуриш мақсадида бўш ер участкаларини 10 йил муддатда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан аукцион савдоларига чиқариш белгиланган.

Қарорда ер участкаларини 10 йил муддатда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганда, фоиз тўланмаслиги масаласи қайд қилинмаганлиги сабабли, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан аукцион савдоси орқали реализация қилинган ер участкалари тўлови учун 35 фоиз дастлабки тўлов амалга оширилмаганда, йиллик фоизлар ҳисобланиб, тадбиркорларга бир қатор қийинчиликлар келтириб чиқарди.

Бундай ҳолат келгусида ташаббускорларнинг сотувга чиқариладиган ер участкалари бўйича қизиқишини пасайтириш билан бирга муайян қўшимча харажатлар қилишига сабаб бўлиши мумкин эди.

Президент қарори қабул қилиниши натижасида 01.01.2024 йилдан 31.12.2025 йилга қадар электрон аукцион савдоларида реализация қилинган ер участкалари бўйича дастлабки тўлов суммаси 15 фоиздан кўп бўлган ҳолларда қолган суммага Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича фоизлар ҳисобланмайди.

Шунингдек, аукцион ғолиби томонидан дастлабки тўлов суммасининг камида 15 фоизи тўланганда, унга ер участкасига бўлган ижара ва мулк ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш ҳуқуқи берилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение