28-Iyun, 2024-yil

Президент ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди

 Президент Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни ёшлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

 

Ёшлар тадбиркорлигига 100 миллион доллар

 Давлатимиз раҳбари ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш, уларга бизнес юритиш кўникмаларини ўргатиш ва бозор топишда ёрдам бериш мақсадида ҳар йили 100 миллион доллар ажратилишини маълум қилди.

 

Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси Ёшлар агентлигига ўтказилади

 Ёш тадбиркорларни янада самарали қўллаб-қувватлаш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси Ёшлар агентлигига ўтказилади. Жамғарма раҳбарини ёшларнинг ўзи сайлаши белгиланди.

 

500 та энг яхши лойиҳага "бизнес пакет"

 Жамғарма томонидан ёшларнинг энг яхши 500 та лойиҳаси танлаб олиниб, уларга "бизнес пакет" тақдим этилади. Бунда, лойиҳани тайёр бизнесга айлантириш, даромад келтиришни йўлга қўйиш ва бозор топишда ҳар томонлама кўмак берилади.

 

"Тўртинчи саноат инқилоби" касбларига ўқитиш марказлари

 Жамғарма ҳокимликлар билан ҳамкорликда республиканинг 14 та туманида "тўртинчи саноат инқилоби" касбларига ўқитиш марказларини ташкил этади ва уларни замонавий жиҳозлар билан таъминлайди. Марказлар ёш тадбиркорларга 10 йилга, шундан биринчи йили имтиёзли давр билан ижарага берилади.

 

Ҳар бир вилоятда янги Ёшлар саноат зонаси

 Сурхондарё вилояти тажрибаси асосида эндиликда ҳар бир вилоятда биттадан Ёшлар саноат зонаси ташкил этилиб, у ерда саноат бинолари қурилади. Мазкур бинолар ёшларга "саноат ипотекаси" асосида 7 йилга, биринчи йили тўловсиз шартларда берилади.

 

"Креатив саноат парклари" ва улар учун имтиёзлар

 Ҳар бир вилоятдаги биттадан Баркамол авлод марказида "Креатив саноат парклари" ташкил этилади. Ушбу паркларда фаолият юритувчи ёш тадбиркорларга IT парк резидентларига бериладиган имтиёз ва преференциялар тақдим этилади.

 

Ёшларнинг стартапларига 100 миллион сўмгача ссуда

 Жамғарма томонидан "Креатив саноат парклари"да фаолият юритувчи ёшларнинг стартап лойиҳаларига 3 йил муддатга 100 миллион сўмгача ссудалар ажратилади. Бундан ташқари, уларга фаолиятини кенгайтириш ва айланма маблағлари учун 100 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар берилади.

 

Магистрал йўллар бўйида 50 мингта кўчма савдо нуқтаси

 Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида магистрал йўллар бўйида 50 мингта кўчма савдо нуқтаси ташкил этилиб, улар ёшларга ижарага берилади. Дастлабки 6 ой давомида ёшларга ижара ҳақи ва солиқлардан имтиёзлар берилади.

 

Ёшлар кооперациясига техника ва ускуналар

 Ҳар бир вилоятнинг иккитадан туманида Ёшлар кооперацияси ташкил этилади ва уларга керакли техника, ускуналар ва уруғликлар етказиб берилади.

 

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ёш тадбиркорларга кўмак

 Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ёш тадбиркорларнинг кредит фоизларини қисман қоплаш учун маблағлар ажратилади. Шунингдек, деҳқончиликни энди бошлаётган 150 минг нафар ёшларга тажрибали фермерлар ва уста деҳқонлар бириктирилиб, уларга сердаромад ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш бўйича кўмак берилади.

 

Президент томонидан илгари сурилган ушбу ташаббуслар ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни иш билан таъминлаш ва даромадларини оширишга хизмат қилади.

 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение