27-Iyun, 2024-yil

2024 йил 1 июлдан нималар ўзгаради?

 2024 йил 1 июлдан кучга кирадиган қонунчилигимиздаги тадбиркорликка оид асосий ўзгаришлар нималардан иборат?

 

Чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик соҳалари янада ривожланади

Банкларга чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик саноати йўналишидаги экспортчи корхоналарнинг экспорт шартномаси бўйича тўлов талаб қилиш ҳуқуқини, жумладан «Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ маблағлари ҳисобидан банк хизматлари учун харажатларни чегирган ҳолда сотиб олишга рухсат берилади.

«А» ва ундан юқори тоифадаги чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик саноати йўналишидаги экспортчи корхоналарга аккредитивни гаровга олган ҳолда унинг 70 фоизи миқдорида ажратиладиган кредитлар учун банкларга «Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан маблағ тақдим қилиш тизими жорий қилинади;

маҳаллий гилам маҳсулотларини халқаро кўргазмаларга чиқаришда 300 квадрат метргача бўлган майдонлар учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари татбиқ этилади;

пойабзал, чарм-атторлик, жундан тайёрланган ва мўйначилик маҳсулотлари ҳақида маълумотларни Электрон кооперация порталига ва Давлат харидлари махсус ахборот порталига жойлаштириш ушбу маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражаси камида 30 фоиз бўлган тақдирда бериладиган товарнинг келиб чиқиш сертификати асосида амалга оширилади.

 

IT-стартапларга грантлар ажратилади

Рақамли технологиялар соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили ўтказиладиган танлов асосида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки орқали айрим позициялар бўйича 1 миллиард сўмгача грантларни ажратиш тизими жорий этилади.

 

Электр энергияси ва табиий газ учун тўловлар олдиндан тўланади

Юридик шахсларга етказиб бериладиган электр энергияси ва табиий газ учун тўловлар 100 фоиз олдиндан амалга оширилади.

 

Маҳалла кредитлари мониторинги йўлга қўйилади

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ваколатли банклар билан биргаликда маҳаллаларда дастурлар доирасида ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланилиши мониторингини ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш механизми жорий этилади.

 

Халқаро брендлар учун имтиёзлар кенгайтирилади

Нуфузли халқаро брендлар билан ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга халқаро стандартларни жорий этиш ва экологик сертификатлаш харажатларини қоплаб бериш тартиби жорий қилинади.

3 йил давомида нуфузли халқаро брендлар остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун зарур бўлган барча хомашёлар маҳаллийлаштириш даражасини камида 60 %га етказиш шарти билан божхона божидан озод этилади;

нуфузли халқаро брендлардан жалб қилинган айрим мутахассислардан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берилганлиги учун тўловлар ундирилиши бекор қилинади.

 

Инвесторларга бериладиган имтиёзлар реестри юритилади

Маҳаллий ва хорижий инвесторларга берилган преференциялар ва имтиёзларнинг турлари, муддатлари, тартиби ва масъул органларни ўз ичига олган Ягона реестр юритилади.

 

Қайта ишланадиган товарлар рўйхати шакллантирилади

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан қайта ишланиши тўғрисидаги маълумот кўрсатилиши мажбурий бўлган товарларнинг рўйхати ва уларнинг белгиларини тасдиқлаб боради.

 

Товар-транспорт юк хатлари электрон шаклда расмийлаштирилади

Солиқ қўмитасининг республика ҳудудида барча хўжалик юритувчи субъектлар учун товар-транспорт юк хатларини электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва уларнинг ҳисобини юритиш тизими мажбурий тартибда жорий этилади.

 

Тўлов тизимлари учун янги талаблар

Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фақат акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши бўйича талаблар киритилади;

тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари устав капиталининг энг кам миқдори тўлов тизими операторлари учун 50 млрд сўмни, тўлов ташкилотлари учун 10 млрд сўмни ташкил этади.

 

Кредит жараёни тўлиқ рақамлаштирилади

Кредит ажратишнинг барча босқичлари (аризани кўриб чиқиш, қарор қабул қилиш, кафиллик бериш ва кредит ажратиш) рақамлаштирилган ҳолда электрон платформаларда амалга оширилади.

 

Бўстонлиқ ва Зомин экологик тоза ҳудудга айлантирилади

Бўстонлиқ ва Зомин туманларидаги туристик-рекреацион зоналарда экологик тоза ҳудуд режими татбиқ этилади.

 

Ярим тайёр чарм экспортига йиғим жорий этилди

Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ТИФ ТН бўйича 4104 кодига мувофиқ ярим тайёр чармни олиб чиқишда 10 фоиз, лекин бир тоннаси учун 300 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда йиғим ундирилади.

 

Йўл қурилишида ёрдамчи пудратчилар рўйхатга олинади

Автомобиль йўллари ва йўл иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда қиймати 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлган лойиҳалар бўйича жалб қилинадиган ёрдамчи пудрат ташкилотлари рўйхатга олинади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение