19-Iyun, 2024-yil

Ўзбекистон бизнес ислоҳотлари Хитойнинг нуфузли нашрида

 Хитойнинг етакчи нашрларидан бири "Жэньминь хуабао"да Ўзбекистон Республикаси Бизнес-омбудсмани Дилмурод Касимовнинг "Бизнес ҳуқуқлари – Янги Ўзбекистоннинг устувор вазифаси" номли мақоласи чоп этилди.

 

Мақолада Ўзбекистоннинг тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бизнес муҳитини яхшилаш борасидаги кенг қамровли ислоҳотлари, хусусан, қуйидагилар алоҳида эътироф этилди:

 

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган 3000 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши;

 

2017 йилдан буён бизнес юритиш эркинлигини таъминлаш ва давлат назоратини камайтиришга қаратилган туб ўзгаришлар;

 

Тадбиркорларнинг фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар;

 

Солиқ ва божхона имтиёзлари, солиқ тўловлари бўйича муҳлат бериш орқали тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш;

 

ҚҚС ставкаларини пасайтириш, солиқ қайтариш муддатини қисқартириш ва айланмадан олинадиган солиқни ягона солиқ ставкаси билан алмаштириш каби солиқ ислоҳотларининг амалга оширилиши;

 

Ер участкалари ва мол-мулкни ажратиш тўғрисидаги қарорларни фақат суд тартибида бекор қилиш тартибининг жорий этилиши;

 

Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича олиб борилаётган ишлар.

 

Шунингдек, мақолада Ўзбекистоннинг 2027 йилга қадар хусусий секторнинг ЯИМдаги улушини 80 фоизга, экспортдаги улушини эса 60 фоизга етказиш каби улкан мақсадлари ҳам ўрин олган.

 

"Жэньминь хуабао"даги ушбу мақола Ўзбекистоннинг ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этишда муҳим қадам бўлди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение