Қорақалпоғистон Республикасида фаолият кўрсатувчи тадбиркор асоссиз солинган жаримадан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт
вазирлиги томонидан “Бунёд” (номи ўзгартирилган) МЧЖнинг транспорт хизматини
кўрсатиш билан боғлиқ фаолияти текширилган.
Текшириш натижаси бўйича транспорт вазирлигининг 2024 йил 2
майдаги қарорига асосан тадбиркорлик субъектига нисбатан базавий ҳисоблаш
миқдорининг 100 баравари миқдорида жарима солинган.
Тадбиркорга жарима солиш тўғрисида қарорнинг қонунийлиги
ўрганилганда “Лицензиялаш, рухсат этиш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари
тўғрисида”ги Қонун ҳамда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун
талаблари қўпол равишда бузилганлиги аниқланди.
“Лицензиялаш, рухсат этиш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари
тўғрисида”ги Қонуннинг 53-моддасига
кўра жарима солиш тўғрисидаги қарор ваколатли органнинг биринчи раҳбари (унинг
ўрнини босувчи шахс) томонидан имзоланиши ва бир иш куни ичида ҳуқуқбузарга
юборилиши белгиланган бўлса-да, шу кунгача юборилмаган.
Шунингдек,
“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасида маъмурий орган
манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча
ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имкониятини бериши шартлиги, 47-моддасида
эса қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда маъмурий иш маъмурий орган мажлисида
кўриб чиқилиши лозимлиги белгиланган бўлишига қарамай, маъмурий иш тадбиркор
иштирокида кўриб чиқилмаган.
Кўрсатилган ҳуқуқий ва амалий ёрдамлар натижасида жарима
бекор қилинди.