Андижон шаҳрида фаолият юритувчи "Икром" МЧЖ (номи ўзгартирилган) "Микрокредитбанк" АТБ Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан жамият мулкига қўйилган тақиқни олиб ташланишида ёрдам сўраб, мурожаат йўллади.
Аниқланишича, тадбиркор банк томонидан берилган кредит маблағларини тўлиқ қайтарган бўлса-да, қарийб икки ой давомида банкка бир неча маротаба мурожаат қилишига қарамай, унинг масаласи ижобий ечимини топмасдан қолаётган эди.
Ўрганиш якунларига кўра, тадбиркорга тегишли иккита автомашина электрон маълумотлар банки орқали тақиқдан чиқарилди.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 468-сон қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, агар кредит ёки қарз тўлиқ қайтарилган бўлса, банк ёки бошқа кредит ташкилоти мол-мулкдан тақиқни олиб ташлаши ва бу ҳақда электрон маълумотлар банкига маълумот киритиши шарт.