28 май куни Самарқанд шаҳрида ва 29 май куни Бухоро шаҳрида “Ижтимой тадбиркорлик иқтисодий ривожланиш ва гендер тенглигини таъминлаш омили сифатида” мавзусида давра суҳбатлари ўтказилди.
Давра суҳбатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури томонидан ташкил этилди.
Мазкур тадбирда маҳаллий ишбилармонлар, тадбиркорлик уюшмалари ва бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда давлат идоралари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад аёлларнинг ҳуқуқий билимини янада кенгайтириш, улар орасида ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллий ишбилармонларни бошпана ва инқироз марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга жалб этишдан иборат.
Хотин-қизларнинг тадбиркорликдаги фаоллиги иқтисодий тараққиёт ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли мамлакатимизда барча соҳаларда гендер тенглигини рағбатлантириш устувор аҳамият касб этади.
Хусусан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган ишончли қонунчилик базаси яратилган.
Гендер тенгликка эришишга йўналтирилган ислоҳотлар натижасида 2017 йилдан бугунги кунга қадар хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятидаги иштироки 21 фоиздан 37 фоизга ошди.
Ўзбекистон гендер тенглигини таъминлаш борасида дунёнинг энг тез ривожланаётган бешта давлатидан бири сифатида эътироф этилди.
Эришилган натижаларга қарамасдан, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, қобилиятларини ва тадбиркорлик салоҳиятларини тўлиқ рўёбга чиқариш бўйича ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё хотин-қизлар форуми доирасида давлатимиз раҳбари “БМТ-аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахус бошчилигидаги делегацияни қабул қилдилар ва Ўзбекистонда “БМТ-аёллар” тузилмасининг ваколатхонасини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ушбу ҳаракатлар хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини янада кенгайтириш йўналишида минтақавий даражада кенг кўламли дастурларни амалга ошириш учун муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.