28-May, 2024-yil

Ўзбекистан-Россия: ҳудудлараро ҳамкорликнинг янги босқичи

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 26-27 май кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.

 

Ўзбекистон ва Россия Президентлари кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилиш қатъийлигини тасдиқладилар

 Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсиб бораётган суръати мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва Россиядан инвестициялар ҳажми кўпаймоқда, саноат кооперацияси ривожланмоқда. Қўшма лойиҳалар портфели 45 миллиард долларни ташкил этди.

Етакчи корхоналарнинг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш юзасидан келишувга эришилди.

Шунингдек, етакчилар энергетика, шу жумладан атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, инновациялар, миграция, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.

 

 Ўзбекистон ва Россия делегацияларининг кенгайтирилган музокаралари бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин музокараларни расмий делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.

Ўзаро савдо айланмасининг барқарор суръати мамнуният билан таъкидланди. Сўнгги 7 йилда у 2,5 баробар ошди. Томонлар янги мақсадли кўрсаткичга - яқин истиқболда савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказишга келишиб олдилар.

Ушбу вазифани амалга оширишга кўмаклашиш учун Россияда Ўзбекистоннинг тўлақонли савдо ваколатхонаси ташкил этилади.

Бугунги саммитга энергетика, металлургия, нефть-кимё, машинасозлик, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика, фармацевтика, сунъий интеллект ва бошқа кўплаб йўналишларда 20 миллиард доллардан ортиқ қийматда янги саноат кооперацияси лойиҳалари тайёрланди.

Бу каби лойиҳаларни илгари суриш учун қўшма Инвестиция платформаси ишга туширилади.

Энергетика соҳасида газ ташиш тизимини модернизация қилиш, газ, нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш, углеводородларни қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, ташриф доирасида Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланади.

 

Музокаралар натижаси битимларда мустаҳкамланди

Ўтказилган музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Қўшма баёнот имзоладилар.

Давлат раҳбарлари ҳузурида муҳим икки томонлама битимларни алмашиш маросими бўлиб ўтди. Қуйидагилар шулар жумласидан:

– Балиқчилик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома;

– 2025–2026 йилларга мўлжалланган туристлар оқимини ошириш бўйича ҳамкорлик дастури;

– Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида товар айирбошлашни кўпайтириш мақсадида саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси;

– Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида 2024–2030 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича ишчи гуруҳ фаолиятининг асосий йўналишлари режаси;

– Тошкентда Бутунроссия ташқи савдо академиясининг филиалини очиш тўғрисида битим.

 

 Ўзбекистон ва Россия Президентларининг музокаралари ҳар доимгидек очиқ, конструктив ва дўстона муҳитда ўтди

Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.

Брифингда сўзга чиққан давлатимиз раҳбари Владимир Путиннинг Россия Федерацияси Президенти лавозимига қайта сайланганидан кейинги илк хорижий ташрифларидан бири бўлган ушбу ташрифини Ўзбекистонга ва кўп миллатли халқимизга бўлган алоҳида муносабат ва ҳурматнинг, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги юқори даражаси ва Ўзбекистон-Россия муносабатларини чуқурлаштиришга бўлган қатъий интилишнинг тасдиғи сифатида қабул қилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти мазкур саммитга катта тайёргарлик кўрилганини алоҳида таъкидлади. Парламент вакилларининг учрашувлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, икки давлат ҳукумат делегациялари ўртасидаги ўзаро ташрифлар самарали ўтди.

Апрель ойида Тошкентда “Иннопром” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди, юзлаб янги кооперация лойиҳалари бўйича келишувларга эришилди.

Савдо-иқтисодий соҳада амалий ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш зарурлиги борасида якдил фикрга келдилар. Келгусида 30 миллиард долларлик кўрсаткичга эришиш вазифаси қўйилди.

Давлатлар саноат кооперациясида жиддий илгарилаган. Музокаралар давомида энергетика, нефть-кимё, металлургия, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, логистика ва инновацион тармоқлар бўйича аниқ лойиҳалар кўриб чиқилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 3 мингдан ортиқ қўшма корхона муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, лойиҳалар портфели қарийб 45 миллиард долларни ташкил қилади. Бу галги ташриф доирасида 20 миллиард долларлик янги лойиҳалар бўйича келишувлар имзолангани алоҳида таъкидланди.

Президентимиз кооперацияни илгари суриш учун қўшма Инвестиция платформаси ташкил этилиши ҳақида эълон қилди.

Ҳудудлараро ҳамкорлик Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлигининг ҳақиқий ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Ҳудудлар форумини Президентлар раислигидаги Ҳудудлар кенгашига айлантириш бўйича келишувга эришилди, унинг биринчи мажлиси бугун бўлиб ўтади.

Давлат раҳбарлари энергетика соҳасидаги стратегик ҳамкорликни кучайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Ўтган йили Россия табиий газини Ўзбекистонга етказиб бериш бошланган эди. Музокаралар давомида газ, нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва маҳаллий корхоналар негизида углеводородларни чуқур қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

  

Ўзбекистон ва Россия Президентлари икки давлат ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлисида иштирок этдилар

27 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин раислигида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.

Кенгаш мажлисини очар экан, давлатимиз раҳбари Президент Владимир Путин ва Россия делегацияси вакилларини, жумладан, 30 га яқин ҳудуд раҳбарлари ва 300 нафар етакчи саноат корхоналари ва бизнес вакилларини самимий қутлади.

Бугунги кунда ҳудудлар даражасида 4 миллиард долларлик 200 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда. Кенгаш мажлиси доирасида 5 миллиард долларлик янги шартномалар тўплами тайёрланган.

Олий даражадаги музокаралар давомида товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 30 миллиард долларга етказиш ва келаси йили 10 миллиард доллар инвестиция ўзлаштириш бўйича янги мақсадлар белгилаб олингани мамнуният билан қайд этилди.

Аввало, ўзаро савдони кўпайтириш. Сўнгги 7 йил ичида Ўзбекистоннинг Россия билан товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробарга ўсди. Ўзаро етказиб бериш таркиби, энг аввало, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ҳисобига сифат жиҳатидан яхшиланди.

Савдо ва кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун Россияда Ўзбекистоннинг тўлақонли савдо ваколатхонаси очилади.

Инвестиция ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик суръати юқори баҳоланди. Ўзбекистонда уч мингдан ортиқ Россия компаниялари муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Энергетика, кимё ва нефть-кимё, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, логистика, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда лойиҳалар амалга оширилмоқда. Тошкент вилоятида татаристонлик ҳамкорлар билан бирга ишга туширилган "Химград" саноат зонаси кенгайтирилмоқда, Жиззах вилоятида унинг филиали барпо қилинмоқда.

Россия ҳудудларининг етакчи корхоналари билан кооперация лойиҳаларини илгари суриш учун янги қўшма саноат зоналарини ташкил этиш режалари қўллаб-қувватланди.

Ҳудудларга Россияда улгуржи-тақсимлаш марказларини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги экинларини биргаликда етиштириб, кейинчалик юртимизга етказиб бериш бўйича топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари ҳудудий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш инструментларини ривожлантиришнинг аҳамиятини қайд этиб, қўшма Инвестиция платформаси иш бошлашини эълон қилди.

Маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда Россия етакчи университетларининг 14 филиали ташкил этилган бўлиб, Тошкентдаги Москва ва Санкт-Петербург давлат университетлари, Олмалиқдаги МИСИС Фан ва технологиялар университети, Жиззахдаги Қозон федерал университети ва бошқалар шулар жумласидан.

Ташриф давомида мамлакатимизда Бауман номидаги Москва давлат техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. Маданий ҳамкорлик бўйича уч йиллик дастур қабул қилинди.

Ўзбекистон Президенти туризм алмашинувини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Сўнгги бир неча йилда россиялик туристлар сони 5 баробарга ошди. Ўзбекистон ва Россиянинг барча йирик шаҳарлари мунтазам авиақатновлар билан боғланган.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ва Россиянинг тарихий шаҳарларига туристик йўналишлар ва саёҳатларни ривожлантириш бўйича янги қўшма дастурларни қабул қилишни таклиф этди.

Умуман, кенгаш доирасида савдо-иқтисодий, илмий-техник ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳудудлараро ҳамкорлик ҳужжатлари ва битимлар тўплами имзоланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение