15-May, 2024-yil

Тадбиркорни жавобгарликка тортишга ва ундан ортиқча божхона тўлови ундиришга оид уринишлар бартараф этилди

Қарши шаҳрида рўйхатдан ўтган “Сардор” (номи ўзгартирилган) хусусий корхонаси ўзига нисбатан божхона органи томонидан ноқонуний маъмурий баённома тузилгани ва салкам 70 млн сўм қўшимча божхона тўлови тўлашни талаб қилаётганидан ҳамда адолатсиз суд қарорларидан норози бўлиб Бизнес-омбудсман девонига мурожаат қилди.

Аниқланишича, тадбиркор 2022 йилда БААдаги тадбиркорлик субъекти билан нефть маҳсулотлари етказиб бериш бўйича битим тузган ва Ўзбекистонга товар етиб келгандан сўнг божхона тўловларини тўлаб, импорт товарни ички бозорда реализация қилган.

Орадан бир йил ўтгандан сўнг тадбиркордан 69,5 млн сўм қўшимча божхона тўлови тўлаш ҳақида талабнома юборилади.

Бундан ташқари, тадбиркор божхона органига тўлов миқдорини камайтириш учун асос бўладиган нотўғри маълумот тақдим қилганликда айбланиб, иш Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судига оширилади ва суд томонидан иш бир томонлама кўриб чиқилиб, тадбиркорга МЖТКнинг 227-25-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари миқдорида жарима қўлланади. Бу қарорни Қашқадарё вилоят суди ҳам ўзгаришсиз қолдиради.

Бироқ Бизнес-омбудсман девони ходимлари кўмагида қуйи суд қарорларига нисбатан Олий судга шикоят киритилди. Шикоят 2024 йил 7 майда Олий суд томонидан кўриб чиқилиб, қуйи суднинг қарорлари бекор қилинди ва тадбиркорга қўлланган жарима ундирилмайдиган бўлди.

Бундан ташқари, тадбиркордан 69,5 млн сўм қўшимча божхона тўлови ундириш ҳақида даъво аризаси киритилган.

Бизнес-омбудсман девони ходимлари кўмагида апелляция инстанциясида тадбиркорнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди ва вилоят судининг қарори билан 69,5 млн сўм қўшимча божхона тўлови тўланмайдиган бўлди.

 

 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение