13-May, 2024-yil

Тадбиркорга асоссиз ҳисобланган солиқ ва пенялар бекор қилинди

 Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи тадбиркор А.Х. нотурар мулки учун асоссиз ҳисобланган солиқ қарздорлигини бартараф этишда амалий ёрдам сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

 

Аниқланишича, Ургут туман давлат солиқ инспекцияси томонидан 99 млн сўм солиқ қарзини ундириш тўғрисида судга даъво аризаси берилган. Дастлаб, Ургут туман судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган бўлса, Самарқанд вилоят суди апелляция инстанцияси томонидан қарз миқдори камайтирилган.

 

Тадбиркор кассация шикояти билан мурожаат қилиб, унда суд ҳужжатларини бекор қилишни ва даъвони қаноатлантиришни сўраган.

 

2022 йил 6 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий суди тадбиркорнинг кассация шикоятини кўриб чиқиб, биринчи ва апелляция инстанциялари судлари томонидан солиқ қарзи миқдорини ҳисоблашда ноаниқликка йўл қўйилган, деган хулосага келди. Олий суд ажрими билан жами 9 млн сўм солиқ ва 1 млн сўм пеня ундирилиши белгиланган ва ўша йили тўланган.

 

Лекин Олий суднинг юқоридаги ажримига асосан қаноатлантиришдан рад этилган солиқ суммаси тадбиркорнинг шахсий ҳисоб варағидан камайтирилмаган. Шу сабабли мол-мулк ва ер солиқларига пеня билан биргаликда жами 125 млн сўм қарздорлик юзага келган ҳамда 2024 йил 10 февралда тўлов хабарномаси юборилган.

 

Мазкур масала вакил девони ходимларининг ёрдамида ҳал қилиниб, асоссиз ҳисобланган қарздорлик ва пенянинг бекор қилиниши таъминланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение