
2020-йил 8-январ куни "Кулов Бегим" (фермер хўжалигининг номи ўзгартирилган) фермер хўжалигига 46,80 гектар ер ажратилган, 2020-йилнинг 26-ноябрида эса фермер хўжалиги билан ижара шартномаси туман ҳокимлиги томонидан бир томонлама тартибда бекор қилинган.
Аммо Ер кодексининг 24 ва "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қонуннинг 13-моддасига биноан, ер участкасининг ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш томонларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда - суд қарори билан амалга оширилиши белгиланган.
Ушбу Қонунларга асосланиб, Бизнес-омбудсман фермер хўжалиги манфаатларини кўзлаб, Миришкор тумани ҳокимиятига нисбатан судга ариза йўллади.
Суд ишни кўриб чиқиш натижасида Бизнес-омбудсманнинг фермер хўжалиги манфаатлари қўзлаб берган аризасини қондириб, Миришкор туман ҳокимининг ер ижара шартномасини бекор қилиш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Шу тариқа, Бизнес-омбудсман ёрдамида фермер аввалроқ ижарага олган ер майдонларини ўз фойдаланишига қайтаришга муваффақ бўлди.
Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз