16-Aprel, 2024-yil

Президент раислигида тўқимачилик соҳасида экспорт ва инвестиция ҳажмларини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди

 Бугун, 16 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тўқимачилик соҳасида экспорт ва инвестиция ҳажмларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

 

Ўтган йили тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш 94 триллион сўмга етиб, сўнгги 7 йилда 4,2 баравар ошгани, 2023 йилда тармоқдаги экспорт 3,1 миллиард доллар бўлгани таъкидланди.

 

Президент бугунги кунда тўқимачилик тармоғидаги 6 мингдан зиёд корхона 570 минг аҳолини доимий иш билан таъминлаётганига эътибор қаратди.

 

Яъни, саноат тармоқлари орасида энг кўп иш ўринлари яратган ҳам, энг кўп аҳолини банд қилиб турган соҳа ҳам бу – тўқимачилик саноати.

 

Давлат раҳбарининг топшириғига асосан тўқимачиликнинг барча йўналишларидаги тадбиркорлар билан мулоқот қилиниб, уларни ўйлантираётган масалалар ўрганилди ва ечимлар ишлаб чиқилди.

 

Юздан зиёд тадбиркор таклиф қилинган йиғилишда ушбу масалалар таҳлил қилиниб, янги чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

 

Тармоқдаги долзарб масалалар муҳокама қилинар экан, ўтган йили тайёр маҳсулот экспорти 1,3 миллиард долларни ташкил этгани билан, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улуши етарли даражада эмаслиги қайд этилди.

 

Яъни, экспортдаги тайёр маҳсулотнинг асосий қисми нархи паст бўлган трикотаж ҳисобланади.

 

Мамлакатимизда 1 килограмм ип-калаванинг таннархи жаҳондаги нархлардан ўртача 28 фоиз арзон. Бу ўзимизда тайёр маҳсулотни кўпайтириш учун жуда катта имконият. Шунга қарамай, жами ишлаб чиқаришда тайёр маҳсулотлар улуши кутилганидек бўлмаётгани кўрсатиб ўтилди.

 

Биздаги хомашё билан камида 15 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, яна 500 мингта янги иш ўрни яратиш учун мавжуд имкониятларни ишга солиш муҳимлиги таъкидланди.

 

Сўнгги ойларда тўқимачилик маҳсулотларимиз 3 та янги бозорга чиқди, экспорт географияси 83 та давлатга кенгайди.

 

Бироқ ҳанузгача экспортнинг қарийб 80 фоизи Россия, Хитой ва Туркия бозорларига тўғри келаётгани таъкидланди. Шунингдек, Европага экспортни кўпайтириш долзарб аҳамиятга эга.

 

Европа, Америка ва бошқа ривожланган давлатлар бозорига ёки брендларга экспорт ҳажмини ошириш учун корхонадан халқаро стандарт ва сертификат талаб этилади. Лекин, экспортчиларимизнинг 12 фоизигина бундай талабларга жавоб беради.

 

Вилоят ҳокимлари инвестиция бўйича ўринбосарларининг бу борадаги фаолияти сустлиги, экспортчиларга кўмаклашишга эътиборсизлиги танқид қилинди.

 

Йирик корхоналарнинг маҳаллаларда филиалларини ташкил қилиш амалиётини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

 

Чунки корхона бошқа ҳудудда филиал очса, ортиқча вақт ва харажат қилиб, янгидан стандарт жорий қилиши ёки сертификат олиши шарт эмас.

 

Ўз фаолиятини йириклаштирган корхоналар билан ишлашда Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Йирик солиқ тўловчилар инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

 

Бундан буён Инспекция фақат йирик стратегик тармоқларга масъул бўлиши таклиф қилинди.

 

Тўқимачилик корхоналари учун энг катта масалалардан бири бу – хомашё.

 

Юртимизда 1 миллион 300 минг тонна толани қайта ишлаш қуввати бор. Кейинги 2 йилда янги лойиҳалар ҳисобига ушбу қувватлар 1,5 миллион тоннага етади. Лекин ҳозирда 1 миллион тоннага яқин тола ишлаб чиқарилмоқда.

 

Бундай шароитда яккаю-ягона йўл – пахта етиштириш таннархини камайтириш ва ҳосилдорликни ошириш шартлиги таъкидланди.

 

Бундан буён вилоятда қайта ишлашни биринчи ва иккинчи занжири бор тўқимачилик корхонаси пахта хомашёсини фермердан бозор нархида сотиб олиш имкониятига эга бўлади ва ўз вақтида якуний ҳисоб-китобни амалга оширади.

 

Бугунги кунда четдан юқори ҳосилдор уруғлик чигит келтириб, 100 минг гектарга экиш ишлари олиб борилмоқда.

 

Айни кунларда Хоразм 8 минг гектарга чигитни тўлиқ экиб бўлди. Андижон экишни яқинда тугатади. Қорақалпоғистон, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида экиш ишлари 10 фоиз, Қашқадарё, Наманган, Фарғонада 30 фоиз, Бухоро, Жиззах ва Сирдарёда 60 фоизга ҳам бормаслиги қайд этилди.

 

Мутасаддиларга бу борадаги ишларни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.

 

Барча кластерлар фаолияти таҳлил қилиниб, улардаги хомашё ва айланма маблағ билан боғлиқ масалалар ўрганилди.

 

Чуқур қайта ишлашни жорий қилгани учун аксарият кластерлар яхши ишлаяпти, уларнинг фаолиятида кредитни қайтариш, ишлаб чиқаришнинг пасайиши билан боғлиқ муаммолар йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

 

Айрим кластерларга эса бироз кўмак берилса, унумдорлик ва экспорт янада ошади. Мутасаддиларга кластерларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш топширилди.

 

Кўриб турибсизлар, соҳадаги салоҳиятдан фойдаланилмаса, ишлаб чиқариш ҳам, экспорт ҳам, иш ўринлари ҳам кўпаймайди.

 

Бу борада ягона тўғри йўлимиз – мавжуд хом ашёни тўлиқ қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қиймат яратиш ва анъанавий “арзон” бозорлардан – янги, “қиммат” бозорларга кириб бориш, - деди Президент йиғилишда.

 

Сўнг давлатимиз раҳбари тармоқда фаолият юритаётган корхоналар раҳбарлари билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммолари ва таклифларини эшитди.

 

Мулоқотда тадбиркорлар:

 

- корхоналарда меҳнат унумдорлигини ошириш;

 

- қўшилган қиймат солиғини бир кунда қайтариш амалиётини кенгайтириш;

 

- бўялган мато экспортини кенгайтириш;

 

- экспортолди кредитлар олишни соддалаштириш;

 

- тўқимачилик корхоналарининг объектларини қуришда енгиллик бериш;

 

- корхоналарнинг арзон молиявий ресурсларга эҳтиёжини қондириш;

 

- мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларини оммалаштириш масалаларини кўтарди.

 

Давлатимиз раҳбари билдирилган фикр ва таклифларни чуқур ўрганиб, тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

 

Жумладан, мутасаддиларга:

 

- “А” рейтинги бор тадбиркорларга ҳам икки йил давомида қўшилган қиймат солиғини қайтариш бўйича бир кунда хулоса бериш тизимини йўлга қўйиш;

 

- хориждаги “эркин зоналар”нинг омборларини ижарага олиш, бўялган мато экспорт қилган корхоналарга хорижий валютада кредит ажратиш тизимини жорий қилиш;

 

- тадбиркорлар рейтингида “А” тоифадаги экспортчи корхоналарга аккредитивни гаровга олиш ва уни 70 фоизи миқдорида айланма маблағ учун кредит ажратиш тизимини йўлга қўйиш;

 

- тўқимачилик корхоналарига объектларни ўз кучи билан қуришга рухсат бериш;

 

- газлама, бўяш-пардозлаш, тайёр тикув-трикотаждаги 10 миллион долларгача бўлган лойиҳалар учун чет эл валютасида олинадиган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 6 фоиздан юқори қисмини компенсация қилиш;

 

- тўқимачилик корхоналари айланмаси учун берилган кредитларнинг қайтариш муддатини узайтириб, тадбиркорларга график бўйича ўз вақтида қайтарилган суммага тенг миқдорда “револьвер” кредит бериш;

 

- пойтахт ва вилоят марказларидаги йирик савдо комплексларида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номи остида миллий маҳсулотлар дўконларини ташкил қилиш бўйича асослантирилган таклифлар киритиш топширилди.

 

Йиғилишда Тўқимачилик уюшмаси фаолиятини ҳам фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.

 

Кластерлар уюшмаси ва Тўқимачилик уюшмасини бирлаштириб, ягона “хом ашёдан тайёр маҳсулотгача” тизимини яратиш таклиф қилинди.

 

Соҳадаги муаммоларни тадбиркордан яхши биладиган одам йўқлиги боис, уюшмани тўқимачиликнинг ҳар бир йўналишидаги тадбиркорлардан иборат кенгаш бошқаради.

 

Уюшма кластерлар ва тўқимачилик корхоналарига маҳсулот, инвестиция, экспорт ва иш ўринларини кўпайтиришга кўмаклашиши, брендлар билан ишлашнинг яхлит тизимини йўлга қўйиши, халқаро сертификатларга эга экспортчилар сонини ошириши, етакчи сорсинг, бренд ва ритейлерларни жалб қилиши, Европа давлатларида кенг қамровли тарғибот тадбирларини ўтказиши муҳимлиги қайд этилди.

 

Шунингдек, кластерларда илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида уларда тадқиқот (R&D) гуруҳларини ташкил этиш таклиф этилди.

 

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тадбиркорларнинг фикрлари ва мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение