8-Aprel, 2024-yil

“Махсустранс” ходимларидан норози тадбиркорнинг мурожаати ижобий ҳал этилди

Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи “Замон” (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳузуридаги Санитар тозалаш хизматларини ташкил этиш маркази ходимлари хатти-ҳаракатидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Аниқланишича, жамият 2013 йил январдан 2023 йил ноябргача пойтахтдаги маълум мавзеларда ҳудуд санитар ҳолатини сақлаш, чиқиндиларни тўплаш ва ҳудуддан олиб чиқиб кетиш хизматларини бажарган. Сўнг бу ҳудуд «Юнусобод-Махсустранс» АТФга топширилган.

Мурожаатда ёзилишича, 2023 йил 1 ноябрь куни топшириш-қабул қилиш далолатномаси тузилган. Аҳолининг қолдиқ дебитор қарздорлиги суммаси 608 млн сўмни ташкил қилган. «Юнусобод-Махсустранс» АТФ аҳолининг дебитор қарзларини қабул қилиб, фаолият билан боғлиқ кредитор қарзлар, яъни электр энергияси ва сув билан боғлиқ қарзларни қабул қилмаган.

Натижада сув ва электр энергияси билан боғлиқ кредитор қарзлар тадбиркор ҳисоб рақамидан ечиб олинган.

Мурожаатни ўрганиш натижаларига кўра, “Махсустранс” ИЧБ ДУК томонидан тадбиркорнинг ҳисоб-рақамига 55 млн сўм пул маблағлари қайтарилиб, тадбиркорнинг мурожаати ижобий ҳал этилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение